Замон билан ҳамнафас: Президентимиз Навоий ИЭСда барпо этилаётган иккинчи буғ-газ қурилмаси билан танишди

0
231
марта кўрилган.

Навоий иссиқлик электр станцияси юқори даражада саноатлашган ва унга туташ минтақадаги истеъмолчиларни электр ва иссиқлик энергияси билан таъминловчи асосий манба ҳисобланади

Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятлари каби йирик корхоналар, иқтисодиётимизда салмоғи тобора ортиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолияти ва аҳолини янада ишончли электр энергия билан таъминлаш айнан ушбу станцияда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларига бевосита боғлиқ.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 28 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида Навоий иссиқлик электр станциясида бўлиб, иккинчи буғ-газ қурилмаси пойдеворига тамал тоши қўйган эди.

Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Hitachi Power Systems” консорциуми ҳамда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ўртасида мазкур буғ-газ қурилмасини бунёд этиш бўйича шартнома имзоланган эди. Умумий қиймати 432 миллион АҚШ долларига тенг ушбу иншоотнинг қуввати 450 мегаватт. Қурилиш “Mitsubishi Corporation and MHPS” консорциуми ва Туркиянинг “Calik Enerji” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. 

Президентимиз буғ-газ қурилмаси газ турбинасининг ишлаш жараёнини кўздан кечирди.

Анъанавий электр станцияларининг фойдали иш коэффицентини ошириш йўлларини излаш — бутун дунё технологлари эътиборида бўлган масала. Буғ-газ қурилмалари ушбу муаммонинг замонавий ечимидир. Иссиқлик электр станцияларининг фойдали иш коэффициенти одатда 40 фоизни ташкил этади. Навоий ИЭСнинг биринчи буғ-газ қурилмасида бу кўрсаткич 57 фоиз бўлса, иккинчисида 61 фоизни ташкил этади.

Буғ-газ қурилмаси тўлиқ тайёр ҳолда жорий йил сентябрь ойида ишга туширилади.

Давлатимиз раҳбари эътиборига лойиҳа амалга оширилиши туфайли эришиладиган натижалар ва буғ-газ турбинасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ҳақидаги тақдимотлар ҳавола қилинди. 

Буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида йилига 3 миллиард 454 миллион киловатт-соат электр энергия ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа самарасида 1 киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун шартли ёқилғи сарфи камайиши ҳисобидан йилига ўртача 829 миллион куб метр табиий газ тежалади. 

Мамлакатимиз энергетика тизимида 2025 йилгача яна бир қатор замонавий буғ-газ қурилмаларини барпо этиш режалаштирилмоқда. Бу, ўз навбатида, минг нафардан ортиқ хизмат кўрсатувчи юқори малакали мутахассис тайёрлаш заруратини келтириб чиқаради. 

Президентимиз ушбу эҳтиёжни таъминлаш мақсадида Навоий ИЭС базасида буғ-газ қурилмалари учун ходимлар тайёрлайдиган ўқув маркази ташкил этиш бўйича топшириқ берган эди. Корхонада Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICA молиявий кўмагида ўқув маркази ташкил этилди. Ҳозирги кунгача бу ерда 166 мутахассис тайёргарликдан ўтди. 

Давлатимиз раҳбари корхонанинг ишчилари ва хорижлик инвесторлар билан суҳбатлашди. 

Энергетика тизимида амалга оширилаётган бундай йирик инвестиция лойиҳалари мавжуд энергетика қувватларини ошириш, энг муҳими, истеъмолчиларни узлуксиз энергия манбаи билан таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш, ҳудудлар инфратузилмасини тубдан яхшилашга замин яратади.

Замонавий технологияларнинг ўрнатилиши эса ёқилғи сарф-харажати ва атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарни камайтириш имконини беради.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.