Никоҳ оиланинг вужудга келишида расмий асос бўлгани боис у фақат ахлоқ нормалари билан эмас, балки махсус қонун хужжатлари билан тартибга солинади. Бу қоида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддаси 2-қисмида: “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади”, – деб ёзилган.
Никоҳ ахлоқий ва жисмоний покликни талаб қилади. Никоҳ аҳдли инсонларга масъулият юклайди. Чунки оилада эрнинг ҳам, аёлнинг ҳам ўз бурч ва мажбуриятлари бор, улардан ҳар бири ўз вазифасини тўла адо этишга масъулдир. Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексида ушбу ҳуқуқий нормалар белгилаб қўйилган.
Никоҳ туфайли ота-она ўзидан сўнг зурриёд қолдириб, инсон насли давом этишига сабаб бўлади.
Никоҳ деганда – никоҳ ёшига етган, бир-бирини севадиган ва қонунга мувофиқ оила қуришни истаган эркак билан аёлнинг ихтиёрий розилиги ва тенг хуқуқлигига асосланган, қонуний расмийлаштирилган, ўзаро шахсий ва мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтирадиган, оилавий турмушда туғилган болаларни миллий истиқлол мафкураси ғоялари асосида муносиб тарбиялашга хизмат қиладиган, умуминсоний қадриятлар ва шарқона анъаналарга асосланган мустаҳкам, бир умрга тузилган иттифоқи тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасида белгиланганидек, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Шундай никоҳгина хуқуқ ва мажбуриятни вужудга келтиради. Никоҳнинг тегишли давлат органида қайд этилиши унинг вужудга келганлигини исботловчи бирдан-бир далилдир.
Ойша Охунова, хуқуқшунос