Соғлиқни сақлаш вазирлиги UZINFOCOM ягона интегратори билан ҳамкорликда “coronavirusyordam” онлайн телеграмм бот каналини ишга туширган эди. Унинг мақсади бугунги эпидемиологик вазиятда аҳоли ўртасида тарғибот ишларини самарали ва тўғри ташкил қилиш, фуқароларни коронавирус инфекцияси билан боғлиқ барча саволларига тўлақонли ҳамда ишончли жавоб беришдан иборат.
Ботда аҳоли томонидан кўп берилаётган саволлар тўплами ва уларга малакали мутахассислар томонидан тайёрланган жавоблар қулай шаклда жойлаштирилган. Бундан ташқари, фуқаролар операторларга саволлар йўллаб, улардан ёзишма орқали жавоблар олишмоқда. Бот-маслаҳатчи ўзбек ва рус тилларида юритилмоқда. Онлайн маслаҳатчи модулининг 70 га яқин тажрибали шифокор, профессор ва ўқитувчилардан иборат операторлар гуруҳи уч сменада туну кун онлайн тартибида аҳоли томонидан келиб тушаётган барча саволларга жавоб беришмоқда.
Жорий йилнинг 31 март куни ишга тушган телеграм ботга 11 апрель соат 15:00 гача 83 мингдан ортиқ фуқаро кирган. Улардан 10 мингдан ортиғи операторлар билан чат оркали боғланган ва 18 мингдан ортиқ саволларга жавоб олишган. Қолганлар эса ботдаги тайёр савол-жавоблардан ўзларига керакли маълумотларни олишган.
– Операторларнинг барчаси иш бошлашдан аввал улар учун ташкил қилинган семинарда махсус тайёрганликдан ўтишган, – дейди Шуҳрат Боймурадов, ботни юритиш буйича ишчи гуруҳ раҳбари. – Бугунги кунда энг кўп бериладиган саволлар қуйидагича: вилоятлар ёки туманлар кесимида касалланганлик ҳолати қандай, коронавирус инфекциясига учраган инсонда касалликнинг белгилари қанақа бўлади, COVID-19 тасдиқланган ҳолатлар карантиндагилар ичидан аниқланаяптими ёки аҳоли орасидан, беморларнинг ҳозирги аҳволи қанақа ва ҳоказолар. Шунингдек, ижтимоий соҳага оид саволлар ҳам кам эмас. Операторларимиз уларнинг барчасига асосланган жавобларни беришмоқда, керак бўлганда, тегишлилиги бўйича саволга жавоб бериш учун масъул хизматларнинг телефон рақамларини келтиришмоқда.
Фуқаролар ҳаммасидан ҳам кўпроқ карантин качон тугайди деган саволни беришлари табиий. Унга операторларимиз қуйидагича жавоб беришмоқда: бу пандемияга қарши сиз ва биз биргаликда курашишимизга боғлиқ, агар барчамиз карантин қоидаларига қатьий риоя килсак, жаҳон тажрибасига кўра, охирги касалланганлик ҳолати аниқлангандан кейин икки ҳафта ўтгач, карантин тугаши ҳақида эълон қилинади. Мақсадимиз – фуқароларни уйда ўтирган ҳолатда ҳам керакли маълумотлар билан қуроллантириш, шундагина улар ваҳимага берилмай, касалликка қарши курашда бирдамликка эришишимизда кўмак берадилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.