Узоқ музокаралардан сўнг Россия империяси ва Хива хонлиги ўртасидаги муносабатлар тарихида илк бор 1842 йили яъни бундан 182 йил олдин давлатлараро алоқалар расмий равишда йўлга қўйилган.
“Мажбуриятлар акти” номли шартнома имзоланган. Баъзи манбаларда ушбу ҳужжат “Келишув акти” деб номланган ва имзоланган санаси 1842 йил 27 декабрь деб кўрсатилган.
Тарихчи Шавкат Саидовнинг қайд этишича, келишув тўкқизта банддан иборат бўлиб, ўзаро муносабатлардаги барча муаммоларни қамраб олган, ҳатто шартномада икки давлат ўртасидаги чегара ҳам аниқ кўрсатилиб, у Сирдарё ва Устюрт платоси орқали ўтиши ҳақида алоҳида банд киритилган эди.
Бироқ, мазкур шартнома ҳам ўзаро муносабатлардаги зиддиятларга чек қўймайди. Бунинг асосий сабаби, Хива ҳукуматининг қатъий норозилигига қарамай, россиялик ҳарбийлар бевосита хиваликлар манфаатлари бор ҳудудларда ҳарбий қалъа ва истеҳкомлар қуришни давом эттиргани ҳамда рус маъмурлари жўнатган элчилик миссиялари ҳарбий-сиёсий мақсадларда ташкил қилингани эди.
Манбаа: ЎзА