Вазирлик вакили: Импорт божини «нўл» қилиб қўйсак, бизда аҳвол яхши бўлмайди

0
225
марта кўрилган.

Кеча Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқарма бошлиқлари Фазлиддин Рўзиев, Темурмалик Холиқов иштирокида журналистлар билан очиқ мулоқот ва интервью бўлиб ўтди.

Унда “Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 майдаги Президент қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Мулоқот давомида вазирлик ҳузурида электрон кооперация биржа портали платформаси жорий этилиши маълум қилинди. Янги платформа орқали бюджет ва корпоратив ҳамда стратегик харидорлар буюртмаси доирасида эркин рақобат ва нарх шаффофлиги таъминланади.

Тадбирда иқтисодиётда талаб юқори бўлган, республикамизда ишлаб чиқарилиши тавсия этиладиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларнинг янги 99 тури вазирликнинг веб-сайтига тадбиркорларга етказиш учун жойлаштирилгани ва ўзлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Дарё.уз мухбири: “Маиший техника воситаларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импорт маҳсулотларга қўйилган божлар туфайли монополияга йўл очиб бермаяпмизми?” деган савол билан мурожаат қилди.

— Маиший техника тайёр маҳсулотлари учун импорт божини “нўл” қилиб қўйсак, шу соҳани ривожлантираман деб Ўзбекистонга қайси инвестор келади? — дея саволга савол билан жавоб қайтарди вазирлик бошқарма бошлиғи Фазлиддин Рўзиев. — Агар биз импортни очиб қўйсак, у тайёр маҳсулотни олиб келиб сотаверса, валютамиз четга чиқиб кетаверса, шу тўғрими? Қайси салоҳиятли сармоядор келиб мамлакатимизда ишлаб чиқариш ташкил қилади? 10 йил олдин Ўзбекистонда маиший техника воситалари ишлаб чиқарадиган битта “Artel” компанияси бор эди. Ҳозирга қадар юртбошимиз томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича қанча қарорлар чиқарилди, чора-тадбирлар белгиланди. Шунинг натижасида ички бозорнинг 50 фоизини маиший техника билан қамраб олдик. Айнан маиший техника маҳсулотларини энди экспорт учун ҳам ишлаб чиқаряпмиз. Бундай турдаги товарларимиз Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистонга экспорт қилиняпти. Ҳатто ўзимизнинг тадбиркорлар ўша давлатларда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил қиляпти. Агар импорт божини “нўл” қилиб қўйсак, бизда аҳвол яхши бўлмайди.

Мухбир фикрини мисол асосида тушунтиришга ҳаракат қилди: “Фуқароларимиз Қозоғистонга чиқиб, 200 минг сўмга техника сотиб олиб келгани яхшими ёки ўзимизда чиқарилган маҳсулотларни 500 минг сўмга харид қилгани яхшими, Ўзбекистонга инвесторлар келсин деб? Аҳоли учун қайси бирини фойдалироқ деб ҳисоблайсиз? Инвестиция киритилишидан мақсад ҳам аслида халқ манфаатини кўзлаш эмасми? Юртимиз аҳолиси арзонроқ ва сифатлироқ маҳсулотдан фойдаланса, бунинг нимаси ёмон? Масалан, ўша “Artel”нинг маиший техника маҳсулотлари ўзимизда 500 минг сўмга сотилаётган бўлса, Қозоғистонда 300-400 мингдан сотилмоқда, нархлар 100-200 минг сўмга фарқ қилади. Шунинг учун чегара постлари очилганда жуда кўп фуқароларимиз Қозоғистонга чиқиб, маҳсулот олиб келишни бошлади. Лекин шунга ҳам тўсиқ қўйилди, харид мақсадида ойига фақат бир марта чиқиб келиш ёки муайян қийматдан ошмаслиги шарт деган нормалар жорий қилинди. Яъни, аҳолининг арзонроқ маҳсулотдан фойдаланишига тўсиқ қўйилди. Бизга нима керак: арзон маҳсулотми ё инвесторми?”

Иқтисод ва саноат вазирлиги вакили кўтарилган масалага, вазиятга ўз муносабатини билдирди.

— Биринчи марта чегаралар очилганда одамлар Қозоғистонда маҳсулотлар худди текин, арзон деб ўйлади-да, олиб келаверди, — деди Фазлиддин Рўзиев. — Лекин ҳозирги ҳолат билан солиштириб кўриш мумкин, бугунги кунда ўзимизнинг маҳсулотлар сифат ва нарх жиҳатидан қўшни давлатлардаги билан тенглашди. Агар биз маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаб, нарх сиёсатини назорат қилиб, ишлаб чиқариш параметрларига эътибор берсак, талаб қўйсак, бу эртага албатта мевасини беради. Агар сиз айтгандай, аҳолига арзон бўлсин деб иморт божини бекор қилсак, бу иқтисодий нуқтаи назардан яхшиликка олиб келмайди.

Вазирлик вакилининг сўзлари қанчалик ҳақиқат эканлигини  вақт ва ҳаёт кўрсатади. Вақт олий ҳакам дейди халқимиз.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.