Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 апрелдаги “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қардош қирғиз халқига ҳам бўлган чуқур ҳурмат намунаси дейиш мумкин.
Ушбу қарордан келиб чиқиб, кўп йиллардан бери машҳур ёзувчи ижоди, ижтимоий-сиёсий фаолиятини ўрганиб келаётган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, таниқли публицист-адиб Аҳмаджон Мелибоев “Чингиз Айтматов: Давр, Инсон, Ҳақиқат” ва “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли китобларини нашр эттирди.
А.Мелибоевнинг “Чингиз Айтматов: Давр, Инсон, Ҳақиқат” китоби Чингиз Айтматов ижодий олами томон саёҳатга чорлайди. Китобда ёзувчи қаламига мансуб ҳикоя, роман ва қиссалар, ижтимоий публицистик мақолалар, нуфузли анжуманлардаги салмоқли маърузалари Аҳмаджон Мелибоевнинг узоқ йиллик изланишлари асосида жуда чуқур таҳлил қилинган.
Шунингдек, Аҳмаджон Мелибоев тўплаб нашрга тайёрлаган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китоби ўқувчида улуғ ижодкорнинг бутун ҳаётига турли нуқталардан берилган баҳо, ғоятда қадрли самимий, таҳлилий қарашларни ўз ичига қамраб олган.
Озод Шарафиддиновнинг “Инсониятнинг буюк вакили”, Одил Ёқубовнинг “Адиб ва чин инсон”, Абдулла Ориповнинг “Маънавий дарддошлик” ва Акмал Саидовнинг “Чингиз Айтматов – дипломат” каби яна кўплаб ижодкорларимизнинг ёдномалари тўпламдан ўрин олган.
Бу икки китоб, ўзбек китобхонларига Чингиз Айтматовдек буюк адибнинг ижоди барҳаёт эканлигини англатиб туради.