Мумтоз адабиёт оламининг беқиёс обидаси “Қисаси Рабғузий” асари милодий 1309–1310 йилларда ёзилган. Одам Ато ва Момо Ҳаводан тортиб, Муҳаммад Мустафогача яшаб ўтган пайғамбарларнинг ҳаёти, эзгу ўй, эзгу амаллари ҳикматлар, ривоятлар орқали моҳирона акс эттирилган ёзма ёдгорликда Шарқ фалсафаси билан қадимий миллий қадриятларимиз уйғунлашиб кетган.
Қадимий туркий тилни ўзида ифода этган икки жилдли ушбу бебаҳо асарнинг замонавий ўзбек тилига Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Раъно Зарипова ва Тошкент давлат шарқшунослик институти ўқитувчиси Нодира Саъдуллаева ўгирган.
Дурдона асарнинг навбатдаги қисмини эътиборинггизга ҳавола қиламиз.
Сора Розияллоҳу анҳу тўқсон ёшга кирди. Ўғли-қизи бўлмади. Иброҳим қўлида Муҳаммад Мустафонинг нури бор эди. Сорага бу нур сендан бўлган ўғлонга теггай, деб ваъда қилган эдики, Иброҳим Ҳожарга қовушгач, у нур Ҳожарга кўчди. Бу ҳолдан Соранинг ғазаби келди. Эрининг ёқасидан олди. Эрининг ёқасидан олган биринчи аёл Сора эди.
Жаброил келди:
– «Эй, Иброҳим, Сорага айт сабр қилсин», – деди.
Сора деди:
– Саксон йил мени ушбу умид билан ушлар эди. Бугун у ваъданг мани хизматкоримга тегди. Ҳожарнинг уч аъзосини майиб қиламан, деб онт ичди. Ҳожар сигир соғиб ўтирганида қулоғини, бурнини кесмоқ бўлганида у фарёд қилди. Жаброил келди. Иброҳимга айтди. «Айтгил, Сора Ҳожарга зулм қилмасин, Тангри золимларни севмас». «Энди нима қиламан, уч аъзосини кесгайман, деб онт ичганман»,– деб жавоб берди.
Жаброил Иброҳимга айтди:
– Сорага айтгил, икки қулоқин тилсин.Тағин андомини хатна қилсин.
Сора икки қулоғин тилмади. Эрга ярамасин деб андомини хатна қилди.
Оллоҳ Жаброилга фармон берди. Учмоқдан икки олтин зирак кетирди. Ҳожарнинг қулоғига тақди. Кўрки ортиқ бўлди.
Баъзи ривоятларда ёзилишича, Ҳожарнинг ой-куни яқинлашгач, Иброҳимдан Сора уни кўзимга кўрсатма, – дея сўради.
Жаброил ҳам уларни ажратгин деб буюрди. Иброҳим икки тева келтирди. Бирига ўзи, бирига Ҳожарни миндирди. Сора пайғамбарга уч шарт қўйди: биринчиси одам йўқ саҳрога ташлаш, иккинчиси, тевадан тушмаслик, учинчиси кечасига қолмаслик.
Иброҳим рози бўлиб, онт ичди. Маккага бир ойлик йўл эди. Мавло таоло амри у ерга бир кунда етдилар. Иброҳим уни сувсиз, кўкат кўкармаган кимсасиз жойда қолдирди. Оллоҳ ўз паноҳига олишига умид қилди: «Эй, парвардигоримиз, албатта, мен авлодларимнинг баъзисини ҳеч нарса ўсмайдиган бир водийда, ҳурматлик уйинг яқинида жойлаштирдим. Уни ўзинг ёрлиқол”, – дея илтижо қилди.
У пайтда Макка йўқ, Байтул маъмур бор эди. Иброҳим Ҳожарга озиқ-овқат ва сув бериб ташлаб кетди. Бир неча кундан кейин Ҳожар ойданда, кунданда гўзал ўғил туғди. Вужудида Муҳаммад Мустафонинг нури бор эди. Ҳожарнинг суви тугади, боласини йўргаклаб, ҳайрон турганида ун эшитилди. Исмоилни суяб, тикка қўйиб, Сафо тоғига борди. Сув топмади, Марва тоғидан ун эшитди, у ерга ҳам борди, сув топмади. «Мана сув» деган ун эшитишда давом этаверди. тинмай югурарди. Бироқ, топмасди. Ул илтижо бугунги кунда ҳожилларга суннат қолди. Шунда Ҳожар тангрига «Исмоъ йа илу» деб муножаат қилди. У «Изиё эшитгил» деган маънодадир. Ана шу йўл билан Исмоилга ном қўйилди. Ҳожар Исмоилнинг йиғисини эшитиб, етиб келди. Исмоил йиқилиб тушган икки оёғи билан ерни тепар эди. У тепган ердан Жаброил қаноти билан уриб, ерни очди, сув чиқарди. У бугунги замзам сувидир. Сув қайнаб чиқар, Ҳожарнинг дилини шод этарди. У сув тугаб қолмасин, деб булоқнинг атрофига тошу қумларни йиғди. Ул кун Ҳожар сувни авайламаганида эди, бу кун Маккада бир ариқ сув бўларди.
Исмоил барокатидан бир куни Бану Жарҳам исмли карвонбошининг карвони Шом вилоятига Макка еридан ўтар бўлди. Ям-яшил дарахтлар дилни яйратар, қушлар учиб, қурт-қумурсқалар югуриб юрарди. Кетма-кет юриб Исмоил билан учрашдилар, яна сув кўрдилар. Ҳожардан ўғлининг Иброҳим пайғамбар фарзанди эканлигини билиб олдилар. «Бизнинг ерда сув ҳам экин-текин йўқ, от, қўй-туяларимиз ориқ. Ёлғиз экансизлар агар рухсат берсанглар кўчиб келамиз». Топганимизнинг ўндан бир фоизи ўғлингники бўлади, – дейишди. Ҳожар рози бўлди. Улар оилаларини, уйларини кўчириб келишди. Маликларининг исми Ханифа ибн Суманда алп Хухумий эди. Уч минг беш юз оила Маккага келиб, жойлашди. Уй, бозор қурдилар. Йил тугагач топганларини ўндан бирини ҳисобини чиқардилар. Икки минг қўй, уч минг сигир, етти минг туя бўлди. Ва барини Исмоилга бердилар. Ҳар йили ана шундай қилдилар. Исмоилнинг йилқи подаси кўп бўлди. Йигирма бир ёшга кирганида Аммора исмли қизга уйлантирдилар. Бир кун Исмоил овга кетган эди Иброҳим ўғлини эшигига келса келин ўтирган экан. Онтига кўра тевадан тушмади.
– Исмоил қани? – деб сўради.
– Овга кетди, – деди келин.
– Қачон келди? – яна сўради.
– Кўп сўзли экансан, – деди келинчак.
Исмоил келса сийратимни унга тушунтир ва эшиги ёмон ғичирлар экан, уни ўзгартириш лозимлигини айтиб қўй, – деди.
Амора эрига нотаниш киши тайинлаган сўзларни айтди. Исмоил отаси келганини, хотини унга маъқул келмаганини билди. Уни қўйиб, қайта уйланди. Яна овга кетганида Иброҳим келди. Сайида очиқ юз билан кутиб олди.
– Овга кетгандилар ҳали замон келадилар, тушиб ош-овқат еб туринг, – деди.
– Онт ичганман, туша олмайман, – жавобини қилди Иброҳим.
Келин туя айронидан олиб чиқди. Иброҳим ичгач, “Йилқию туяларингизга Оллоҳ баракатини ёғдирсан” – дея дуо қилди. Ўша пайтда Исмоилнинг хотини айрон эмас, нон олиб чиқса эди. Иброҳим дуосидан Маккадан дон маҳсулотлари айрондек арзон бўлар эди.
Ундан кейин Иброҳим пайғамбар келинига тайилади. Исмоил келса айтгил, Иброҳим сенга кўп салом йўллади. Бу эшикни асрасин.
Исмоил кетгач, Сайида бегона кишининг саломини ва сўзларини етказди.
– У мени отам эшик деб сени айтган. Демак у киши сендан хурсанд бўлибди, – деб изоҳ берди Исмоил.