Хоразм вилоятида хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, имтиёзли кредит ресурслари ҳисобига ҳудуддаги тадбиркорларнинг фаолиятларини кенгайтириш ва шу асосда янги иш ўринларини ташкил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Урганч тумани «Шерматлар» маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган «Эгамберган нонлари» оилавий корхонаси раҳбари Наргиза Бекчанова 10 нафар ёшларни иш билан таъминлаб, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариб, халқимиз дастурхонига етказиб бера бошлади.
Тадбиркоримиз замонавий илғор технологияларга бўлган қизиқиши юқори бўлганлиги сабабли замон талабига жавоб бера оладиган 1 миллиард сўмлик техникаларни хориждан олиб келиб, амалиётга татбиқ этди. Мазкур замонавий технологиялар асосида нон пишириш жараёни жаҳон стандартларига монанд автоматик равишда паст босимли газ ёқилғиси ҳамда зангламайдиган материалдан махсус ишланган нон қолипларида амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Янги лойиҳа замонавий ишлаб чиқариш талабларига жавоб бера олади. Айни пайтда корхонада газ ва электр энергия сарфи 15-20 фоизгача камайди, ишлаб чиқариш ҳажми ва турлари 10-15 баробар кўпайди. Энг муҳими, ички истеъмол бозорини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, аҳолини сифатли нон ва нон маҳсулотлари билан таъминлаш ва олис қишлоқ ҳудудларига иссиқ нон маҳсулотларини ўз вақтида етказиб бериш шароитлари яратилди.
Сир эмас, жойларда режалаштирилаётган улуғвор ислоҳотларнинг ҳаётга жорий қилиниши бевосита бюджет маблағлари билан боғлиқдир. Шу мақсадда Хоразм вилояти давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғиш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга жиддий эътибор қаратмоқдалар.
Ана шундай тадбирлар натижасида маҳаллий бюджетга қўшимча маблағлар келиб тушиши таъминланмоқда.
Ғайрат БЕКЧАНОВ,
Урганч тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи