Вашингтоннинг Роналд Рейган биноси ва Халқаро савдо марказида Санъат ва маданият халқаро фестивали ўтказилди.
Халқаро фестивалда дунёнинг 50 дан ортиқ давлатлари элчихоналари ўз миллий санъати ва маданияти намуналарини намойиш этдилар. Минглаб кишилар ташриф буюрган бу тадбирда Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси ҳам қатнашди. Улар ўзбек мусиқа ва рақс санъати, миллий ҳунармандчилик намуналарини намойиш этиб, меҳмонларни миллий таомлар билан сийлашди.
“Ўзбекистон ҳақида илгарилари ҳам кўп эшитганман. Бугунги тадбирда намойиш этилган ўзбек санъати ва маданияти намуналари менда янада қизиқиш уйғотди. Айниқса, ўзбек миллий таомлари таъми ва мазаси билан барчани жалб қилди. Бугунги тадбирда миллий таомларингиз билан сийланаётган жой фестивалнинг энг гавжум жойи бўлганлиги ҳам буни тасдиқлайди. Ўзбекистон элчихонасининг кўргазмаси нафақат менга, балки барча меҳмонларга манзур бўлди, десам хато бўлмайди. Келажакда албатта юртингизга ташриф буюраман,” – дейди Вашингтондаги Интерконтинентал меҳмонхонаси дипломатия ва савдо-сотиқ ишлари бошкарувчиси Женифер Чан.
“Мен зардуштийлик динига эътиқод қиламан. Ўзингизга маълум, жуда қадим замонларда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида зардуштийлик дини тарқалган. Мамлакатингиздаги зардуштийлик давридан қолган тарихий қалъаларнинг кўплиги менда катта қизиқиш уйғотди. Шу боис мамлакатингизга саёҳатим давомида Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Нукус шахарларидаги тарихий обидалар билан бирга энг узоқ ва чекка ҳудудлардаги кўпгина қадимий ёдгорликларни ҳам зиёрат қилганман. Замонавий шаҳарсозлик ҳам менда катта таассурот қолдирган. Келажакда яна бориш истагим бор”, — дейди тадбирга ташриф буюрган меҳмонлардан бири Карси Шрефф.
“Миллий услубда тахтани ўйиб ишланган мана бу нақшинкор қутичалар айниқса менда катта тассурот қолдирди. Жуда нозик дид билан ясалган амалий санъат намуналарининг жозибасига тил ожиз. Ижодкор халқингизга тасаннолар айтаман”, – дейди ўзини Хелен Смит деб таништирган меҳмонлардан яна бири.
“Ўзбекистон Республикаси элчихонаси Санъат ва маданият Халқаро фестивали ташкил этила бошлаганидан бери ҳар йили қатнашиб келади. Мазкур тадбир бизга Ўзбекистон гўзалликларини жаҳон аҳлига намойиш этишга, хорижликларда мамлакатимиз ҳақида бой таассуротлар уйғотишга имкон беради. Бу эса мамлакатимизга янада кўпроқ туристларни жалб этиб, мамлакатимиз туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшади”, – дейди Ўзбекистон Республикаси элчихонаси маданий ишлар бўйича атташе Аҳрор Бурхонов.
Элчихонамиз вакиллари кўргазмамиз билан қизиқаётган, лавҳни қўлига олиб диққат билан томоша қилаётган меҳмонларга “Ўзбек халқ амалий санъатининг ёғоч ўймакорлиги йўналишидан бир намуна ҳисобланган мана бу буюм – лавҳ деб аталади. Қадимда мутолаа жараёнида китоб учун курсича сифатида ишлатилган. Қизиқ томони шундаки, лавҳни ясашда ҳеч қандай мих ёки елимлардан фойдаланилмайди”, – дея маълумотлар ҳам бериб ўтди.
Ўзбекистон ҳунармандларининг турли хил маҳсулотларини катта қизиқиш билан кузатаётган жаҳон аҳлини кўрганимда, қалбимда фараҳли туйғуларни туйдим. Юртим билан фахрландим.
Ойдин Садуллаева