Йил сарҳисоби: 2018 йилдаги фаолият якунлари ва истиқболдаги режалар

0
689
марта кўрилган.

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасининг  “Йил сарҳисоби: 2018 йилдаги фаолият якунлари ва истиқболдаги режалари ” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон  ёшлар иттифоқи  фаоллари, Тошкент шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини раислари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда  қўмита раиси Акмал Саидов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида депутат ва сенаторлар фаолиятига таҳлилий нуқтаи назардан ёндашилиб, ўта муҳим ва устувор таклифлар берилганлигини гапириб, қўмита ҳам ўз фаолиятини давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган масъулиятли ва долзарб вазифаларни амалда қўллаган ҳолда ҳамда соҳада қонунчиликни янада такомиллаштириш борасидаги кўрсатма ва йўналишларга таяниб  фаолият юритаётганлигини таъкидлади.

Матбуот анжуманида ҳисобот даврида қўмита қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, мутахассислар, олимлар, амалиётчилар ва кенг жамоатчилик билан муҳокама қилиш, парламент назоратининг турли шаклларини амалга ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратгани,. 2018 йилги иш режасида қонун ижодкорлиги йўналишида 9 та қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, амалда 10 та қонун устида иш олиб борилгани ва қабул қилинган 10 та қонун ҳужжатидан 6 таси қўмита аъзоларининг депутатлик ташаббуси асосида ишлаб чиқилгани ҳақида гапирди.

Қўмита депутатлари фуқаролик жамияти институтларига оид қабул қилинган қонунларнинг мақсад ва моҳиятини шарҳлаб беришди. Янги қонунлар ва қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар фуқаролик жамияти институтини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиши ҳақида гапиришди. Жумладан, «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги қонун билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан 3 йилга узайтирилгани, сайловларда кўпроқ фуқароларни жалб этиш мақсадида фуқаролар вакилларининг минимал нормаси белгилангани, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилганлигини чуқур шарҳлаб беришди.

 “Парламент назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, қўмита томонидан ҳисобот даврида бир қатор назорат-таҳлил ишлари ҳам олиб борилган. Хусусан, 7 та қўмита эшитуви уюштирилган яъни давлат органлари раҳбарларининг ахбороти тингланган, 1 та қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини ўрганиш ва 1 та қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилган. Масалан, таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбиянинг аҳволи тўғрисида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг ахбороти қўмитада эшитилган ҳамда унинг якуни бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.

Бундан ташқари, 2018 йилда қўмита аъзолари томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига 38 та депутат сўрови юборилган.

Қўмита ўз фаолиятини бевосита жамоатчилик ўртасида муҳокамалар асосида ташкил этган. Шу мақсадда ҳисобот даврида 40 га яқин турли тадбир, конференция, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилган.

Йил давомида қўмита аъзолари оммавий ахборот воситаларида 1108 маротаба чиқиш қилган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг 724 та мурожаати кўриб чиқилган ва тегишли ёрдам кўрсатилган.

Матбуот анжуманида қўмита аъзолари журналистлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари ҳамда ёшларнинг саволларларига атрофлича жавоб қайтардилар.

Тадбир якунида қўмитанинг 2019 “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” ҳамда 2017-2021 йилларга мўлжалланган бешта устувор йўналиш бўйича ривожланиш ҳаракат Стратегияси асосида амалга оширилиши лозим бўлган асосий фаолият йўналишлари юзасидан аниқ мақсадли вазифалар белгилаб олинди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.