Миср археологлари қадимий қабристонни Мисрнинг Ал-Миня провинциясидаги Туна ал-Габал ҳудудидан топишди. Бу ҳақида РИА Новости Мисрнинг қадимий ишлар бўйича миллий вазирлигига асосланиб хабар бермоқда.
Ал-Миня университети ва қадимий ишлар вазирлигининг археологик миссияси Туна ал-Габал мажмуасидаги қазилма ишлари давомида қабристонга дуч келган. Унда учта тош сакрофагли мақбара ва қирқта яхши сақланиб қолган мумиёланган жасад, шу жумладан, ўнта бола мумиёси аниқланди.
Бундан ташқари, кулолчилик ашёлари ва бир қанча қабр ёпинчиқлари топилган. Вазирликдан маълум қилишларича, ушбу топилма Мисрнинг юнон-рум давридаги (милоддан аввалги 4 аср ўрталаридан милодий 4 асрнинг охиригача) тарихига оиддир.