Жаҳон эътироф этган аллома Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллиги кенг нишонланмоқда

0
579
марта кўрилган.
Юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар, халқимиз эзгу мақсад-муддаоларини ўзида акс эттирган мисли кўрилмаган ўзгаришлар бой маънавий илдизларимизга таянади. Маънавиятимиз асосларини эса буюк шоир ва мутафаккир бобокалонимиз Алишер Навоийнинг бебаҳо меросидан айро тасаввур этиб бўлмайди.
 
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жаҳон эътироф этган аллома бобомиз таваллудининг 578 йиллиги кенг нишонланмоқда. 9 февраль – беназир шоир туғилган куни муносабати билан Алишер Навоий номи билан юритилувчи Ўзбекистон Миллий боғида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Боғ ҳудуди ҳам эрта тонгданоқ адабиёт мухлислари, сенаторлар, депутатлар, турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат тузилмалари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, шоир ва ёзувчилар, адабиёт фидойилари, шеърият мухлислари, ўқитувчилар,талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик билан гавжум бўлди.
 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказининг етакчи илмий ходими, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ўзбек адабиёти тарихи ва фольклор кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Дилнавоз Юсупова ва бошқалар мамлакатимизда миллий адабиётимизга кўрсатилаётган эътибор бой илмий, маънавий меросимизни ўрганиш, уни тарғиб этиш, қадимий манбаларни мукаммал тадқиқ этган ҳолда нашр эттириш, ижод аҳлига ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатиш каби эзгу ишларда ўз амалий ифодасини топаётганини таъкидлади.
 
Бу жиҳатлар Алишер Навоий асарларини ўрганиш, унинг бебаҳо меросидан ёш авлодни юксак маънавиятли, теран тафаккурли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳият соҳиби этиб камолга етказишдек эзгу ишларда янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Юртимизда илм-фан, адабиёт аҳлига яратилаётган кенг шароитлар Навоий каби буюк алломаларимизнинг ҳаёти ва ижодига оид янги топилган тарихий манбаларни ўрганишнинг янада кўпроқ истиқболларини очмоқда.
 
Дарҳақиқат, мамлакатимизда хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли, яхши қўшничилик, дўстона алоқаларининг кенг йўлга қўйилгани қадимий манбаларни излаш, улардан фойдаланишга оид имкониятларни кенгайтирмоқда. Жаҳон эътибори ва эътирофидаги аллома Алишер Навоий ижодига оид манба ва қўлёзмаларни тадқиқ этишда бу янада яққолроқ намоён бўлмоқда.
 
Буюк Британия музейи қўлёзмалар фонди раҳбари, профессор Майкл Эрдман, Тожикистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Имоми Содиқ Ашурбойзода Алишер Навоийнинг инсонпарварлик ва эзгуликка йўғрилган ижоди асрлар оша дунё адабиёт мухлислари эътиборида бўлиб келаётгани, шоир асарлари дунёнинг бир неча тилларига қайта ва қайта таржима этилиб, мукаммал ўрганилаётганини таъкидлади. Бобомизнинг Британия музейида сақланаётган қўлёзма асарлари ва уларни ўрганиш, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ривожланиб бораётган маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорлик, бу борада Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ижодий меросининг ўрни ва аҳамиятига оид маърузалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.Зеро, Навоий улуғлаган ижтимоий адолат, одамлар оғирини енгил қилиш, ҳаёт фаровонлигини юксалтириш, илғор янгиликларга интилишга оид эзгу ғоялар бугунги кунда ҳаётимизнинг мазмуни, ислоҳотларнинг пировард мақсад-муддаосига айлангани эътиборга моликдир.
 
Термиз шаҳрида ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказининг иккинчи курс талабалари Асадулло Азизий, Раъно Шерзод қизи Навоий ғазалларидан намуналарни айтдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёш шоир Жўрабек Жаҳон “Алишер Навоий ҳайкали пойида“ номли шеърини ўқиди. “Ниҳол“ мукофоти совриндори Шарофиддин Муродов шоир бобомиз ғазали билан куйланувчи “Гулузорим“ қўшиғини ижро этди. Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
 
— Ҳазрат Навоий адабиёт оламининг гултожи, даҳо ижодкоридир,- дейди Боку давлат университети профессори, туркология кафедраси мудири Рамиз Аскер. — Ўтган давр мобайнида Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр“, Фарҳод ва Ширин“ Лайли ва Мажнун достонларини озарбойжон тилига таржима қилдим. Эндиликда бу борадаги ишларни давом эттириш ниятидаман. Сиз — ўзбекистонликлар ғоят бой ва бетакрор илмий, маънавий мероснинг эгаси эканингизни теран англашингизни истардим.
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Х.Султонов, А.Абдуваҳитов иштирок этди.
 
* * *
Шу куни пойтахтимизнинг Навоий кўчасидаги шоир ҳайкали қад ростлаб турган хиёбонда ёшлар, шеърият мухлислари иштирокида мушоира бўлиб ўтди. Навоий ижодининг инсон камолоти, юксак маънавиятли шахс тарбиясидаги ўрни хусусида, бебаҳо мерос барча ижодкорлар каби ёш шоирларнинг илк қадамида ҳам муҳим илҳом манбаи бўлиб хизмат қилаётгани хусусида атрофлича сўз юритилди. Мутафаккир ғазал ва рубойилари, ёш шоирларнинг ижодидан намуналар янгради.
 
Бу каби тадбирлар, шеърият ва адабиёт, маънавият байрамлари юртимизнинг барча ҳудудлари, кутубхоналар, таълим масканлари, маҳаллалар, идора ва ташкилотларда бўлиб ўтмоқда.
 
Манбаа: ЎзА​
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.