Адабиёт жим тура олмайди

0
278
марта кўрилган.
6-7 февраль кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида “Ёзувчи ва давр” мавзусида йирик адабий симпозиум бўлиб ўтди.
 
Халқаро китоб кўргазмаси доирасида ўтказилган ушбу тадбирда дунёнинг ўттизга яқин давлатларидан шоир, ёзувчи, таржимон ва адабиётшунос олимлар ташриф буюрди.
 
Тадбирда ўзбек адиблари бугунги куннинг дунё миқёсидаги муҳим ижтимоий-сиёсий, маданий-ахлоқий муаммолари, хусусан, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, авлодлар ризқига хиёнат қилмаслик, адабиёт, бадиий публицистиканинг бугунги муҳим мавзулари хусусида сўз юритдилар.
 
Не-не уринишлар ҳисобига “совуқ уруш” ҳолатидан халос бўлган дунё бугун яна… айтишга тил айланмайди, қурол пойгаси томонга бурилмоқда. Бу ҳолат мавлоно Румийнинг камбағал муаллим ҳақидаги ҳикоятини ёдга солади. “Жуда фақир бир муаллим бор эди. Камбағаллиги шу даражада эдики, қишда бир жубба киярди, холос. Бир кун сел келди, унда бир айиқнинг боши оқиб борарди. Муаллимга талабалари “Бир пўстин оқиб келяпти, керак бўлади”, дейишди. Муаллим кийимга муҳтожлиги туфайли ўзини сувга отди ва бориб, “пўстин”ни ушлади-ю, шу заҳоти баҳайбат айиқнинг чангалига тушди. Шогирдларнинг: “Муаллим, ё пўстинни келтир, ё ўзинг кел”, деган сўзларига жавобан: “Мен пўстинни қўйиб юбордим, аммо у мени қўйиб юбормаяпти”, деб жавоб қилди”.
 
Қуролфурушлар фақир муаллим ҳолидек эмасди. Аммо бошқаларга нисбатан бой ва кучли бўлиш, кучсизларни итоат мақомида ушлаш, яккаҳокимлик истаги шафқатсиз офат гирдобига отди ва даҳшатли чангал тутқунига айлантирди. Европа икки бор жаҳон урушини бошидан кечирди. Мислсиз талафотларга дуч келди. Ёнди, куйди, майиб-мажруҳ бўлди. Эндиликда эса бу балодан қутулиш йўлларини қидирмоқда, аммо ҳар қанча уринмасин, нажот йўлини топа олаётгани йўқ. Аксинча, илми, ақл-заковати билан бу чангални янада кучайтириб юборди.
 
Бугун фавқулодда истеъдодли ҳар тўртинчи олим ақл бовар қилмайдиган даражадаги вайронкор қуроллар яратиш устида ишламоқда. Ўзи эса унинг итоаткор қулига айланиб бораётир.
 
Симпозиумда иккинчи жаҳон урушининг Беларусь тупроғидаги кечган қонли жанглари, оғир йўқотишлар, қатлиомлар, тақдирлар тўғрисида, бундай шароитда бадиий адабиёт олдида турган бош вазифа, ижодкор зиёлининг маънавий масъулияти, қалб кўзининг очиқлиги хусусида фикрлар билдирилаётган бир пайтда телеканаллардан бирида атом қуролини биринчи бўлиб қўллаш ҳуқуқи жиддий муҳокама қилингани бу қулликнинг шубҳасиз, исботидир. 
 
Румий ҳазратлари сўз англамаганлар учун зарурлигини, ҳамма нарсани вақтида тўғри англаб етган, фаҳмлаганларга сўз айтишнинг, такрор-такрор уқтиришнинг ҳожати йўқлигини айтганлар. Идрок эта билганлар учун кўк, ер, сув ва шамолнинг ҳаммаси — сўзлар, сўз ўрнини босадиган ишоралардир.
 
“Ҳафиф бир сасни эшита олувчига бақириб-чақириш керак эмас”. 
 
Ёзма адабиёт юзага келганидан бери сўз инсон, жамият ва табиат тақдирига бефарқ бўлмаган. Қуръони карим суралари нозил бўлган пайтлардан бошлаб то ҳозирга қадар шундай. Сўз ҳеч қачон жим турмаган, адабиёт жимлик кўчасига кирмаган, бепарволик ҳолатига ўтмаган.
 
Ҳазрат Алишер Навоий асарларида, Машраб ва Бобур ғазалларида, Макиавелли ўгитларида, Балзакнинг ХIХ аср француз ёзувчиларига мактубида, Ян Парандовскийнинг “Сўз кимёси”да, Фитрат ва Исмоил Гаспирали тадқиқотларида буни яққол кўрамиз.
 
“Жим туролмайман”, дея ҳайқирган Эмил Золя ва Лев Толстой битикларида адабиётнинг мангу бедор пойдевор устидалигига амин бўламиз. Шундай экан, ёзувчи ва давр мавзуси бир йиғинлик, бир суҳбатда поёнига етадиган мавзу эмас. У ижодкор зиёлилар учун ҳамиша ҳақиқат ва адолат учун кураш, танланган йўлни ёритиш, хатоларни англаш, миллатнинг тили, дини, тарихи ва қадриятларини асраб-авайлаш имкониятидир.
 
Алишер Навоий ғазалларининг ҳар бир сатрига неча ўнлаб маънолар сингдирилган бўлса-да, бу улуғ қалам соҳиби: “Эй Навоий, сўзда маъни йўқтурур, маънийда сўз, дурри маъни истар ўлсанг, айлагил гуфтор бас” (Яъни: сўзда маънони тўла акс эттириб бўлмас, маънога эса сўз имкониятларини сиғдириш мумкин. Маънолар дурини истасанг, сўзлашни бас қил”), дея сабоқ беради.
 
Беларусь заминида ўтказилган машваратда бадиий сўзнинг бугунги ҳолати, таъсир кучи, холис ва ҳаққонийлиги жиддий муҳокама қилинди.
 
Очиқ айтиш керакки, инсониятнинг энг буюк ихтироларидан бири бўлмиш китобга нисбатан муносабат бир хил эмас. Анча-мунча жойда у бойлик орттириш воситасига, яъни, ем емас “соғин сигир“га айлантирилган. Фақат шу эмас, таассуфки, китоб орқали тарихни сохталаштириш, ўқувчини чалғитиш, одамлар кўнглига қўрқув солиш, миллатлар ўртасида ихтилоф чиқариш ҳаракатлари ҳам мавжуд. Чиройли безалган китоблар саҳифаларига нималар ёзилмаган, нималар жойлаштирилмаган дейсиз?!
 
Космик фазонинг олис нуқталаридан кутилмаганда учиб келиб, Ерни вайрон қилувчи ёвуз кучлар, яқинлашиб келаётган буюк тошқин, ҳаёт-мамотга қирон келтирувчи ялпи эпидемия, ҳа-ҳу демай, одамларнинг бўйи қисқариб, очкўз чумолиларнинг бўйи икки метрдан ошиши, бугун биз билан бирга яшаётган сунъий одамлар тўғрисида ёзадиган олди-қочди нашрлар шу қадар кўпки, юрагинг орқага тортиб кетади.
 
Бу борада фаоллик қилаётган ноширлардан бирини суҳбатга тортаман. “Э биродар, ўлдим-куйдим қабилидаги шеър, романларни ўқийдиган замонлар ўтди. Лирика билан қорин тўйдириб бўлмай қолди. Китобхонни қизиқтиришимиз керак”, дейди у бамайлихотир.
 
Беларусь Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Чергинец афсус билан бош чайқайди:
 
– Ўтган йили бир қатор Европа мамлакатларида йилнинг энг кўп ўқилган китоблари аниқланибди. Қайси китоблар ғолиб бўлганини биласизми? — Ошқозонни тозалаш мавзусидаги китоблар. Мана сизга, бугунги китобхон. Ғалабанинг 75 йиллиги олдидан нашр этилаётган хотира китобларни ёшлар берилиб ўқишаётгани йўқ. Уларни бошқа енгил-елпи мавзулар қизиқтирмоқда. Бир мамлакатда эмас, бутун дунёда тинчлик-тотувликни сақлаш бирламчи вазифа бўлиб турган пайтда буни тушуниш қийин. Ўтган йили Ўзбекистонда ғалабанинг 74 йиллиги қандай нишонланганини кўриб, ҳавасим келди.
 
Россия Федерацияси Президентининг маданият ишлари бўйича вакили Михаил Швидкой кўпмиллатли рус адабиётининг бугунги ютуқ-камчиликлари тўғрисидаги саволимизга қуйидагича жавоб берди: – Бугунги ёшлар Толстой, Чехов, Бунин ёки Шолохов қўл урмаган мавзуларда ижод қилмоқдалар. Янги йўналишлар, талқинлар, хулосалар пайдо бўлмоқда. Уларнинг ютуқ-камчиликлари шу ҳолат билан боғлиқ, десак тўғри бўлади.
 
Россия Ёзувчилар уюшмаси раиси Николай Ивановнинг фикрича, ёзувчилар орасида бирлик, ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, турли бўлинишлар ижодий жараёнга салбий таъсир кўрсатмоқда. – Бу ерда Чингиз Айтматовнинг умуминсоний маданиятни юксалтириш учун аввало, миллий маданиятлар ривожига эътибор бериш зарурлиги тўғрисидаги фикри айтилди, — дейди у. — Бу фикрга тўла қўшиламан. Миллий адабиётлар маданиятлар каби бир-биридан узоқлашмаслиги керак. Афсуски, биз — бу ерга йиғилганларнинг барчаси, бир-биримизни яхши биламиз, ижодимиздан, ютуқ-камчиликларимиздан хабардормиз, дея айта олмаймиз.
 
Анжуманда қатнашар эканмиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган муҳим маданий-маънавий ислоҳотлар тўғрисида ҳамкасбларимизга сўзлаб бердик. Рисолат Ҳайдарованинг Ёзувчилар уюшмасининг адабий алоқаларни кучайтириш, ўзбек адабиётини хорижий мамлакатларда тарғиб қилиш борасидаги фаолиятига доир маърузаси эътибор билан тингланди.
 
Шимолий Кавказ халқлари адабиётлари бўйича мутахассис Пётр Чекаловабазин халқнинг маънавий эҳтиёжлари хусусида фикр юритди: – Бу тилда бор-йўғи 35-40 минг киши сўзлашади. Янги матбуот нашрлари ташкил этиш, ягона театрни ривожлантириш, мактаблар қуриш зарур, – дейди у.
 
Италиялик шоир Гоффредо Муратжанинг мушоҳадалари анжуман иштирокчиларида кучли таассурот қолдирди: – Мен кўп йиллар Аргентинада, Чилида яшадим. Дунёнинг кўплаб бошқа мамлакатларида бўлдим. Бир ярим йилдан бери Беларусда яшайман. Мақсадим, — бу ерликларнинг Италия ҳақидаги, италияликларнинг эса Беларусь ҳақидаги тасаввурини ўзгартириш. Саёҳатларим давомида шуни англадимки, одамлар бир-бирларини яхши билишмайди, кўп ҳолларда янглиш тасаввурлар қобиғида қолиб кетишади. Одамлар бир-бирларига кўнгилларини шунчаки очишмайди. Кўпларни кашф қилиш керак. Бу камчиликни тузатиш, менингча, адабиётнинг, санъатнинг, биринчи навбатда, шеъриятнинг иши. Унинг бу имкониятидан самарали фойдаланиш керак.
 
Анжуман доирасида Минск шаҳри марказидаги “Дружба” китоб магазинида ўзбек адибларининг “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси бош таҳририяти ва “Машҳур-пресс” нашриётида чоп этилган китоблари бурчаги ташкил этилди. “Дружба” ва “Шарқ зиёкори” китоб дўконлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Таниқли ношир Аҳрор Аҳмедов компания номидан беларуслик ўқувчиларга янги китоблар совға қилди. Шоир ва ёзувчилар иштирокидаги тадбирларда беларус шоирларининг ўзбек тилига ўгирилган шеърлари ўқиб эшиттирилди.
 
Анжуман якунида Беларусь Давлат университетининг филология ва журналистика факультетларида қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтди. Ҳар икки факультет олимлари Ўзбекистонда Алишер Навоий номида Тил ва адабиёт ҳамда журналистика ихтисослиги бўйича янги университетлар очилганидан мамнунликларини билдиришди. Ўзаро тажриба алмашиниш, илмий-ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифни мамнуният билан қабул қилишди.
 
Аҳмаджон Мелибоев
 
Манбаа: ЎзА
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.