Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Оила энциклопедияси” ҳамда “Хотин-қизлар энциклопедияси” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
“Ёшлар онгида оилавий ҳаёт кўникмаларини шакллантиришда мана шундай замонавий энциклопедик адабиётлар муҳим аҳамият касб этади, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Дилором Тошмуҳамедова. – Ушбу асарлар республикамиздаги барча маҳаллаларнинг кутубхоналарига кириб бориши керак. Мамлакатимизда ўн мингдан ортиқ маҳалла фаолият юритаяпти. Китоб эса беш минг нусхада чиққан. Ҳар бир оилага кириб борса янада мақсадга мувофиқ бўларди. Келажакда шунга эришишга интиламиз”.
“Энциклопедияларга ёшга доир чекловлар (16+) қўйилгани яхши иш бўлди, чунки мазкур мажмуаларда китобхондан муайян интеллектуал даража талаб этиладиган, қиз боланинг туғилишидан то балоғат ёшига қадар бўлган ва ундан кейинги даврига оид масалалар тўлиқ қамраб олинган, – деди Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова. – Қомусий манбалар нафақат билим беришга йўналтирилган, балки тарбиявий характерга ҳам эга, уларнинг тарғиботи оилани мустаҳкамлашга, ажримларнинг олдини олишга ҳисса қўшади. Тўғри, биз ташвишга тушамиз, оилалар ажрашиб кетяпти деймиз. Лекин Ўзбекистонда ажримлар сони Ғарб мамлакатлари билан солиштирганда унчалик кўп эмас. Дунёда ҳар икки оиладан бири ажрашиб кетаётган мамлакатлар бор”.
“Оилавий ажримлар ҳақида гапирганда республикамиздаги кўрсаткичларни Европа давлатлари билан таққослаш, ўзимизни овутиш, мақташ, айбларимизни хаспўшлаш тўғри эмас, – деди эксперт Жамила Шермуҳамедова. – Муаммоларнинг ичига кириб боришимиз керак. Ажримларнинг сабабларини аниқ ва шу бўйича чоралар кўришимиз лозим. Бизда оила миллий қадриятлар ва шарқона маданият пойдеворига қурилади. Айнан мазкур ақидалар билан суғорилган китобларни кўпайтиришимиз мақсадга мувофиқ. Менинг таклифларим бор: “Эркаклар энциклопедияси”ни яратайлик. Оилада эркакнинг, отанинг ўрнини кўтармас эканмиз, у ҳақда китоблар ёзиб, мақомини улуғламас эканмиз, оила механизмидаги айрим элементлар яхши ишламайди, ажримлар сони ортаверади. Ёшларга болалигидан оилада ўғиллик бурчи, оталик вазифалари, эрлик масъулияти, ҳақида билим бериш зарур. Бу ҳаёт-мамот масаласи. Мен ҳатто Ўзбекистон Эркаклар қўмитасини тузиш таклифини ҳам жиддий ўйлаб кўришга арзийди, деб ҳисоблайман”.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Рахима Шомансурова “Хотин-қизлар энциклопедияси” китобининг еттинчи марта қайта чоп этилаётгани ушбу китобнинг аҳамиятини, заруратини ифодалашини айтди. Бир пайтлар қизлар учун “Қизлар китоби”, келинлар учун “Келиннома” каби энциклопедиялар яратилгани, ушбу китобларни ҳам қайта чоп этиш лозимлиги хусусида гапирди.
Шунингдек тадбирда “Аёллар энциклопедияси” нашрга топширилгани, яқин кунларда босмахонадан чиқиши ҳақида маълумот берилди. Янги қомусий мажмуалар “Фаровон оила – фаровон жамият” концепциясига хизмат қилиши таъкидланди.