Шовот туманида “Ёшлар олами” китоб дўкони очилди

0
559
марта кўрилган.

 Наврўз айёми арафасида Шовот тумани “Билим-хазина” корхонасига  қарашли  “Ёшлар  олами” китоб дўконининг очилиш тақдимоти ўтказилди. Ушбу замонавий  бино қисқа вақт ичида қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Китобни чин дилдан яхши кўрган инсон  Шарифбой ота  Абдуллаев узоқ йиллардан бери  аҳолига маърифат ва зиё  улашиб, элда ҳурмат ва эътибор топмоқда. Фарзанди Қувондиқ ҳам ота касбини тутиб кам бўлмади.

Бугун вилоятнинг 4 та  жойида, жумладан,  Шовот туманида 2 та, Урганч шаҳрида 2 та масканда ана шундай китоб дўконлари фаолияти тадбиркор томонидан  йўлга қўйилган. Икки юз мингга яқин турли мавзудаги бадиий, сиёсий, болалар адабиётлари, диний маърифий китоблар савдоси ташкил этилган. Тадбиркор республиканинг энг нуфузли нашриёт-матбаа ижодий уйлари, нашриётлардан тўғридан-тўғри шартнома  асосида  китоб маҳсулотларини сотиб олмоқда.

Шовот тумани марказида қад ростлаган янги китоб дўкони очилишида туманнинг мактаб ўқувчилари, ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, нуроний отахон ва онахонлар,  фаоллар иштирок қилишди.

 Тақдимотда туман ҳокими Х.Отаханов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  вилоят бошқармаси  бошлиғи Д.Бекчанова, Ёзувчилар  уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Г.Ибодуллаева, маънавият ва маърифат маркази мутахассиси, олима М.Матёқубова иштирок қилиб,  китобнинг ёшлар ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўзладилар.

 Ўқувчилар китоб, Ватан, тинчлик  мавзусида шеърлар ўқидилар. Шоирлар ва ёзувчилар билан мушоиралар ўтказилди. Шарифбой Хожи ота болаларга китобни севиш — Ватанни севиш эканлиги, китоб инсоннинг энг яқин дўсти, маслакдоши ва беминнат устози эканлигини таъкидлади.

Гулёр Палванова

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.