Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан “Кўнгил кўзи” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
«Йўл харитаси» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 февралдаги 4151-сонли қарори билан тасдиқланган бўлиб, босмахона ускуналарини модернизация қилиш, босмахона ва ишлаб чиқариш биносини таъмирлаш, “Кўзи ожизлар жамияти” ташкилотининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кўзи ожизларга ижтимоий жиҳатдан соғломлаштиришга кўмаклашиш, уларни ўқув, бадиий, илмий ва бошқа турдаги адабиётлар билан таъминлаш учун қулай шароитлар яратишга йўналтирилган.
Тадбирда давлат идоралари, жамоатчилик ташкилотлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ва халқаро ташкилот вакиллари, мутахассислар, журналистлар ва блогерлар иштирок этишди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов маъруза қилди.
Агентлик раҳбари ўзининг таҳлилий маърузасида кўзи ожиз болаларнинг бошқа болалардан фарқ қилмаслиги ва улар ҳам тўлақонли ҳаёт кечириши, жамоат ишларида фаол иштирок этиши, ўзининг интеллектуал имкониятларини тўлиқ кўрсата олиши, ўзини жамиятда бошқалардан кам ҳис қилмай, ҳамма қатори яшаши учун жуда кўплаб ишларни амалга ошириш лозимлигини таъкидлаб, соҳадаги ютуқ ва камчиликларни шарҳлаб берди.
Маъруза билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг телеграммдаги ижтимоий тармоқида тўлиқ танишиш мумкин.