Бугунги  ўзбек ёшлари ёҳуд ғайратчан буви ва ташаббускор набира ҳақида сўз

0
720
марта кўрилган.

Ёшларни  комил инсон қилиб тарбиялашда, ахборот хуружларидан асрашда, соғлом, дуркун вояга етишларида  оиланинг роли катта. Ҳуқуқий билим ва маданиятни, миллий қадриятларни,  мутолаага, илмга, билимга  иштиёқмандликни болалигидан онгу-шуурига сингдирган фарзанд келажакда комил инсон  бўлиб вояга етади.

Мамлакатимиз келажаги бўлган болаларнинг маънавий-ҳуқуқий соғлом вояга етишини таъминлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда уларнинг кўз очиб кўрадиган масканидаги яъни оиладаги тарбиячилари бўлган катталарнинг ота-онаси билан бирга бува-бувиларнинг ҳам роли катта бўлади. Миллий қадриятларимизга эътибор берадиган бўлсак, Амир Темур шоҳзодалар тарбиясини ўз замонасининг етук маликаси Бибихонимга топширган. Жумладан,  Мирзо Улуғбек ҳам Бибихоним тарбиясида камол топганлиги тарих саҳифаларида таъкидланади.

Намунали ҳаёт кечираётган, оиласига, жамиятга, ҳукуматимизга садоқат билан хизмат қилаётган инсонларнинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиш ва тарғиб қилиш катта аҳамиятга эгалиги учун ҳам мамлакатимизда кейинги пайтда маҳалладаги намунали оилаларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни рағбатлантириш ҳам йўлга қўйилди. “Мўътабар аёл” кўкрак нишони биринчи марта заҳматкаш оналарга бувиларга топширилди. Чунки, соғлом оила жамият пойдевори, унда камол топган салоҳиятли ёшлар мамлакат келажагидир.

Инсоннинг ким бўлиши, келажакда ундан нималар кутиш мумкинлиги аввало генларга қолаверса тарбияга боғликлигини жаҳон олимлари тасдиқлашган. Табиий фанларни ўрганишда Шарқ алломалари дунёда етакчилик қилишган, ўз ўрнига ва салоҳиятига эга бўлишган.

– Бугун мен илм дунёсига кириб бораётган ўзбек ёшлари ўз аждодларининг ушбу йўлидаги машаққатли захматларини ўзига одат қилиб олишган дегим келади. Мустақилликдан сўнг  ёшларимиз илм- фанда, техникада, спортда ва бошқа соҳаларда ўз ўринларига эга бўлиб боришмоқда, — дейди Турон академияси академиги, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори  Дилором Ёрматова.

Олима фан оламида ўз ўрнига эга бўлиш билан бирга фарзандларининг зиёли бўлиб вояга етишига эътибор бериб келмоқда. Қизи Ҳуснобод Хушвақтова ҳам  иқтисод фанлари номзоди, олий ўқув юртида таълим беради.  Олиманинг невараси Ҳуснободнинг қизи Тошкент шаҳридаги Интер Хауз лицейининг ўқувчиси Шаҳноза Қаюмова ўтган йил ноябрь ойида  Покистоннинг Лахур университетида дунё ёшларининг “Тинчлик, бирдамлик ва ёшлар ҳамкорлиги “ мавзусида Ҳалқаро Саммитида иштирок этишга муяссар бўлди. У бунга қандай эришди?!

 Шаҳнозани ота-онаси тилга бўлган қизиқишини сезишиб, 4 синфдан бошлаб инглиз тили бўйича ўқитиш курсларига олиб боришди. Натижада бу кичкина тиришқоқ қиз лицей ўқувчиси бўлгунча инглиз тилини мукаммал билиб олди.

У одатдаги интернет хабарлари билан танишувида,  ушбу Саммит ҳақидаги хабарни ўқиб қолиб, Лахур университетидаги Саммит ташкилотчиларига хат ёзади. Орадан кўп ўтмай Шаҳнозага Саммит ташкилотчиларидан қатнашишини ҳоҳласа ўз юртидаги ёшларнинг ҳаёти, қизиқишлари билан жаҳон ёшларини таништириши мумкинлиги тўғрисида таклиф хабарини олди. Бувисига хатни кўрсатади. Уни бувиси қўллаб қувватлайди. Шаҳноза бувиси Дилором Ёрматова билан бирга Ўзбекистон ёшлари ва Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари мавзуида слайдали маърузасини тайёрлади. Унга бувиси яъни Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети профессори  Дилором Ёрматовадан яхшироқ ёрдамчи бўлиши мумкинми! У нафақат маърузалар тайёрлашга ёрдамлашди. Балки,  саммит ўтадиган йиғилишда ҳам қатнашди. Неварани дастлабки қадамларини қўллаб-қувватламасдан бўладими, ахир.

Бу Саммитда дунёнинг 36 мамлакатидан келган ёшлар ўз чиқишлари билан иштирок этдилар. Лицей талабаси Шаҳноза ноябрь ойида  беш кун давом этган Лахур университетидаги Халқаро Саммитда Ўзбекистон ёшларининг бугунги ҳаёти, имкониятлари ва қизиқишларини слайдалари орқали таништирди.  Шунингдек, Шаҳноза ўз слайдаларида Самарқанд, Бухора ва Хивадаги тарихий обидаларни кўрсатиб ўтди. Шаҳноза қилган маърузаси жаҳон ёшларида катта таъсурот ўйғотди ва улар Ўзбекистонга бориш истагини билдиришди.

Ёшгина лицей ўқувчиси рус, инглиз ва турк  тилларини мукаммал билгани учун, Бразилия, Мексика, Россия, Белорусия, Тунис, Хитой, Корея каби мамлакатларнинг ёшлари билан дўстлашиб олди. Ўз дўстлари билан телефон, электрон почталарни алмашишди. Бразилиядан, Тунисдан, Мексика каби мамлакатлардаги дўстлари билан мулоқот қилиб жаҳон ёшлари ҳаётини ўрганмоқда ва 2019 йил ёзида Ўзбекистонга бир қатор мамлакатлардан келадиган дўстларини кутиб олиш учун тайёргарлик кўрмоқда.  Уларни  ўз лицейи ва она Ватани билан таништиришни ният қилган. Албатта, бу ишда унга энг яқин ёрдамчи бувиси Дилором Ёрматова. Чунки у набираси билан бирга  хорижга биринчи марта чиқаётганини эътиборга олиб хорижга бирга бориб Саммитда қатнашиб келди.

Шаҳноза Қаюмовани суҳбатга тортамиз. Соғлом турмуш тарзи ҳақидаги фикрларини сўраймиз. У бувисига ўхшаб файласуфона жавоб қилади: «Соғлом турмуш тарзи аввало ақлий ва маънавий соғлом фикрлаш, тўғри овқатланиш, тартибли ҳаёт кечириш- покизалик, катталарни ҳурмат қилиш ва уларнинг ҳаётини кузатиб , улардан эзгуликларни, миллий қадриятларни ўрганиш».

Яна сўрайман: Лицейда қариндошлар ўртасидаги никоҳ ришталарининг салбий оқибатлари хусусида ҳам суҳбатлар ўтказиладими? 

«Албатта, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ришталари кўп бўлмасада учраб турибди. Бу муносабатлар, аввало генетиканинг айнишига яъни насл бузилишига сабаб бўлмокда. Эрта турмуш қуриш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ ришталари туфайли жисмонан ногирон ва ақлан носоғлом болалар дунёга келиши мумкин. Соғлом дунёга келган болаларнинг ҳам бўйи пастлаб кетмоқда. Эслаб қолиш қобилияти ҳам сустлашмоқда. Бу эса жамиятимизда турли муаммоларни келтириб чиқаради.  Биттагина мисол: ҳаммамиз биламизки, оилада соғлом болага нисбатан  касалванд болага кўпроқ маблағ сарфланади. Жамиятда ҳам худди шундай».

Шаҳноза Қаюмовани кузатиб, сўзларини тинглаб, бувисининг болалигини тассавур қиламан. Бувисининг, ота-онасининг таъсирини ҳис қиламан. Ахир бувиси иссиқ- совуққа чидамли, қут-баракали  янги ўсимлик навларини яратиш борасида кўп изланади. Бу соҳага муносиб ҳисса қўшганлиги туфайли фан оламида ўз ўрнига эга. Талабаларга экологиядан сабоқ бераётганида табиатни инсон билан уйғунлаштириб тушинтиради. Соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор беради. Ўзининг соғлом турмуш тарзи ҳақидаги мулоҳазаларини  талабалари ва набираларига ҳам сингдиришга интилади. Уч авлод вакилларини кузатиб, ўзбекнинг зиёли ва аҳил оиласи кўз олдингизга келади.

Шаҳноза Қаюмова ана шу улуғвор мактабдан таълим олиб  ҳаётда, ижодда ўз ўрнини топишга интилаётган изланувчан, ташаббускор бугунги  ўзбек ёшларининг  биридир.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди кўмагида “Аҳил оила мактаби”  лойиҳаси асосида тайёрланди.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.