Пойтахтимиздаги «Ice City» муз майдони мезбонлик қилган хоккей бўйича биринчи бор ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида барча ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Бош соврин учун финалда «Бинокор» ҳамда «Семурғ» жамоалари куч синашди.
Жамоаларнинг муросасиз кечган 5 та ўйинидан кейин ғолиб аниқланди. Ҳал қилувчи учрашувда «Семурғ» рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмай 4:1 ҳисобида устун келди ва хоккей бўйича илк бор ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозонди.
Бронза медаллари «Ҳумо» жамоасига насиб этди.
Тантанали тақдирлаш маросимида мавсумда ўзини кўрсатган бир қатор хоккейчиларга шахсий совринлар топширилди. Унга кўра «Бинокор» аъзоси Жавоҳир Расулов чемпионатнинг энг фойдали хоккейчиси, «Семурғ» ҳужумчиси Сергей Голев эса энг яхши тўпурар ва ҳужумчи деб топилди. Александр Зокиров («Бинокор») энг яхши дарвозабон, Константин Говриленко («Семурғ») эса энг яхши ҳимоячи номига сазовор бўлди.