Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган “Eurasian Book Fair-2019” IV халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфидаги “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этилган Мухтор Авезовнинг “Абай” номли китоби олий мукофот – Гран-прини қўлга киритди.
Агентлик таркибидаги “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилган Обиддин Маҳмудовнинг “Фарзанднома” китоби эса “Фан ва инновация” номинациясида I даражали Диплом билан тақдирланди. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ва “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётларига ҳам Халқаро кўргазма ташкилотчиларининг махсус Дипломлари топширилди.
24-27 апрель кунлари “Корме” кўргазмалар марказида ўтказилган Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида Россия, Хитой, Эрон, Туркия, Польша, Белгия, Озарбайжон, Латвия, Украина, Арманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистондан жами 90 та ташкилот иштирок этди.
Мазкур нуфузли тадбир китобхонликни тарғиб этиш, нашриётлар, ёзувчилар, маданий-маьрифий муассасалар, китоб савдоси билаш шуғулланадиган ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, жаҳон ноширлик ва полиграфия саноати тажрибасини ўрганиш, етакчи нашриётларнинг энг яхши замонавий китоблар тўпламини ўқувчилар ва харидорларга етказиш, китоб маҳсулотларини янги технологиялар асосида ишлаб чиқариш ва тарқатишга доир истиқболли вазифаларни белгилаш ҳамда халқаро маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон Республикасининг Миллий академик кутубхонасига ташриф буюриб, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган, бир ярим миллион китоб фондига эга кутубхона фаолияти билан танишди. Кутубхонага ўзбек ноширлари томонидан чоп этилган Алишер Навоий, Александр Пушкин, Чингиз Айтматов ва бошқа адибларнинг асарларидан иборат китоблар жамланмаси совға қилинди.
Қозоғистонлик ёзувчи Мерген Тоқсанбай, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Улуқбек Есдаулет, Қозоғистон Миллий Фанлар академияси академиги, тарих фанлари доктори, профессор, Евроосиё миллий университети ректори Ерлан Сиддиқов билан мулоқот давомида икки мамлакат ўртасидаги ижодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
📎 Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда ўтказилган III Евроосиё халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида ҳам “Ўзбекистон” нашриёти Нурсултон Назарбоевнинг “XXI аср арафасида” китоби учун Гран-при мукофотини қўлга киритган эди.