Чилпиқ, Тупроққалъа ва Аязқалъа ёдгорликлари милоддан аввалги асрларга тегишли эканлигини биласизми?

0
1598
марта кўрилган.

Қорақолпоғистон Республикасига ташкил этилган пресс-турнинг биринчи куни Амударё вилоятининг машҳур маданий мерос объекти “Чилпиқ” тепалигини ўрганишдан бошланди.

Мазкур қадимги Зардуштийлик ёдгорлиги — Даҳмий Чилпиқ қалъанинг ёши 2200 йилдан ортиқ. Чилпиқ — бу 15 метр баландликдаги 65 метр диаметрга эга томсиз думалоқ минора бўлиб, Нукусдан 43 км масофадаги табиий ясси тепаликнинг чўққисида жойлашган. Мазкур тепалик Зардуштийлар даврида марҳумларни минора ичида ёввойи қушларга ем учун қолдириладиган жой бўлган. Қушлар томонидан суяклар тозалангач,  қолдиқлари ерга кўмилган. Ушбу дафн этиш усули зардуштийлик фалсафаси билан боғлиқ бўлиб, атроф-муҳитни асрашга  қаратилган.. Кейинчалик Хоразмшохлар даврида ушбу ёдгорлик ҳарбий мақсадда яъни  кузатув  минораси сифатида фойдаланилган.

Бу ерларга арабларнинг келиши (VII аср) биланоқ, минора қайта қурилган, сўнгра, IX-X асрларда қадимий Хоразмнинг гуллаган вақтларида яна таъмирланган. Бир қатор тадқиқотчи олимларнинг фикрича, хоразмликлар Чилпиқдан Хоразмшоҳлар давлатининг бошқа қалъалари билан бир қаторда хабар етказиш ва мудофаа минораси сифатида фойдаланишган. “Чилпиқ” Қорақалпоғистоннинг ёрқин ёдгорликларидан бири ҳисобланиб, ҳатто республика гербида ҳам унинг тасвири акс эттирилган.

Ушбу ёдгорликнинг ҳозирги кундаги ҳолати ачинарли албатта, аммо у ўзига сайёҳларни жалб этувчи маскандир. Чунки айнан зардўштийлар давридан сақланиб қолган ушбу тепаликни кўриш ва юқоридан ҳудудни томоша қилиб унинг тарихини эшитишга кўпчилик қизиқади.

Биз пресс-тур иштирокчилари ушбу тепаликка чиқаётганимизда, ҳақиқатдан ҳам у ерда қандайдир сир-синоатлар борлигига амин бўлдик, тор йўлак бўйлаб тепаликни забт этдик. Табиат ходисалари туфайли  қадимги давр лой пахсаларидан  ёдгорликнинг тахминан 20-30 фоизи сақланиб қолган. Қувонарлиси шу бўлдики, тепаликда бир қатор хорижлик сайёҳлар билан учрашиб, суҳбатлашганимизда улар бизга Ўзбекистонга илк бора сафар уюштиришгани ва айнан ушбу  ҳудудда жойлашган қалъаларни кўздан кечиришни ният қилишгани ва барча қалъаларнинг тарихини ўрганишганлиги тўғрисида маълумот беришди.

Шу билан бирга, Амударё вилояти мутассади ходимлари  “Чилпиқ”нинг янги кўриниши ифодаланган лойиҳа ҳужжатлари билан таништиришди. Туризмни ривожлантириш мақсадида яқинда “Чилпиқ” ёдгорлиги ёнида хунарманд ўтовлари, автотураргоҳ  ва тепаликка чиқиш учун махсус зинапоялар барпо этилар экан.

 Элликқалъа туманида  биз “Тупроққалъа” ёдгорлигини ўргандик. Тарихий ёдгорлик милоддан аввалги I-IV ва VI асрларга тегишли бўлиб у 1938 йил С.П.Толстов экспедицияси томонидан кашф этилган.

Тупроққалъа саҳни тўғри тўрт бурчак шаклида бўлиб, 17,5 га ер майдони тенг, унда 2000-2500 киши истиқомат қилган. Шаҳар гумбазсимон йўлакли ва буржли мудофаа девори билан ўралган. Шаҳарнинг ичида жойлашган хонадонларнинг орасидаги йўлаклар жуда тор бўлиб, ғиштларга туширилган тамғалар орқали яшаган жамоаларнинг қайси уруққа мансублигини аниқлаш мумкин бўлган. Ҳайратланарлиси шуки, ташқи деворларнинг қалинлиги 7-9 метрга тенг бўлган. Шаҳарни археологик қазиш жараёнида 100га яқин турар жой ва 8та сарой  аниқланган. Заллар бўртма нақшлар ва рангли хайкаллар билан жихозланган. “Тупроққалъа” эрамизнинг I-IV асрларида Хоразм давлатининг пойтахти ҳисобланган. Шаҳар тарихи ҳамон ўрганилмоқда. Археологик ёдгорликка чиқиш учун зинапоялар барпо этилган. Чунки, лойсимон йўлаклар кўтарилишга ноқулайликлар туғдирган.

Аммо, ёдгорликни консервация қилиш  илмий кенгаш билан келишилмаган, маслаҳатлашилмаган  ва унинг оқибатида емирилиб бораётган деворлар ўрнатилган қоидаси бўйича таъмирланмаган. Бу муаммо оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилган. Ҳозир барча консервация ишлари тўхтатилган.

Куннинг иккинчи ярмида ОАВ вакиллари билан “Аязқалъа” маданий мерос объектига ташриф буюрдик. Маълумки, милодимизнинг I аср оҳири ва II асрларида Хоразм Кушонлар империяси таркибига кирган. “Аязқалъа” уч комплексдан иборат бўлган. “Аязқалъа” -1 қўрғони 60 метр баланд тоғ қояси  текислигида хом ғишт билан қўрилган, С.П.Толстовнинг фикрига қараганда “Аязқалъа” да ҳаёт милодимизнинг III-IV асрларигача давом этган. У ердан археологик қазиш ишларини олиб боришганида II асрда зарб қилинган тангалар топилган.

“Аязқалъа” -2 қўрғони эрамизнинг IV-VIII асрларида барпо бўлган ва қурилиш ишлари IX асрга қадар давом этган. Яъни, қалъа Султон Увайс тоғи ва Қизилқум томонларидан келган кўчманчи-босқинчиларидан ҳимоя қилиш мақсадида қурилган. Унинг пастки қисмида “Аязқалъа” -3 қўрғони бунёд этилган, у ердан  топилган 2та тегирмон ҳозир Элликқалъа туман тарих ва археология музейида сақланмоқда.

“Аязқалъа” қўрғонларини кўздан кечираётган вақтимизда, хорижий сайёҳларнинг бири билан суҳбатлашдик. У Буюк Ипак йўлида жойлашган барча маданий мерос объектлар харитасини шакллантираётганини айтди. Харитага киритилаётган ҳар бир объектнинг тарихини қизиқиб  ўрганаётганини айтди.

Қўрғоннинг ёнида 20 та ўтовлардан ташкил топган сайёҳлар учун махсус турар жойлар ташкил этилган. Барча хизмат турлари яратилган, айниқса табиат қўйнида, қуёш чиқиши-ю ботишини кузатиб дам олишни истаганлар учун  бу маскан айни муддао!

Хуллас, маданий мерос объектларимиз тарихи борасида кўплаб ривоятлар эшитдик. Буларнинг ўзи алоҳида бир ҳикоя. Чўл қўйнидаги қадимий қалъаларни  ўз кўзингиз билан кўришингиз ва мўъжизаларни хис этишингизни тавсия қиламиз.

М.Асқархўжаева, Маданият вазирлигининг матбуот котиби

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.