Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 31 май куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ички ишлар вазирлари кенгашининг шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган тадбирларида иштирок этаётган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликлари ва идоралари раҳбарларини қабул қилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Президентимиз Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон делегациялари раҳбарларини самимий қутлар экан, Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Бугунги кунда МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгаши самарали ҳамкорлик, илғор тажриба ва билим алмашиш, шунингдек, терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ва одам савдосига қарши курашишдаги саъй-ҳаракатларни яқиндан мувофиқлаштириш учун муҳим механизм экани таъкидланди.
Ҳамдўстлик ҳудудида жиноятлар сони кейинги беш йилда 25 фоиздан зиёдга қисқаргани Кенгаш фаолиятининг натижадорлигидан далолат беради.
Бундан ташқари, биргина ўтган йилда қўшма операциялар доирасида гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан шуғулланган 892 нафар шахснинг фаолиятига чек қўйилди ҳамда 84 нафар жиноятчи ушланди.
Учрашувда МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар органлари ҳамкорлигини янада кенгайтириш, жумладан, самарали идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма тадбирлар ўтказиш, кадрлар тайёрлаш бўйича дастурларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари, хусусан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашишда шерикликни мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Делегациялар раҳбарлари Президентимизга самимий меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, ўз давлатлари раҳбарларининг саломини етказдилар.
Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш бўйича самарали тизимни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги юксак баҳоланди.
Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда умумий таҳдид ва хатарларга қаршиш курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида фаол ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр экани алоҳида қайд этилди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари МДҲ Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси муваффақиятли ўтишини тилади.