Москва шаҳрининг «Манеж» Марказий кўргазмалар залида «Интермузей-2019» XXI Халқаро музейлар фестивали бўлиб ўтмоқда.
Фестивалда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда «Ичан-қалъа» давлат музей қўриқхонаси вакилларидан иборат делегация Мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси билан биргаликда миллий стендни ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига биноан «Ичан-қалъа» давлат музей-қўриқхонасида инновацион технологиялар асосида жорий этилган smart-музей мазкур фестиваль павильонларидан жой олди.
Кўргазма доирасида, «Ичан-қалъа» давлат музей қўриқхонаси бўйлаб Android- ва IOS қурилмаларида мавжуд бўлган мобил иловалар орқали вирутал мустақил саёҳат қилиш имкониятини берадиган smart-музейи ҳамда NazzAR дастури тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур янгилик фестивалга ташриф буюрган барча томошабинлар ўртасида катта қизиқиш уйғотди, ўзбек стенди атрофида тизилган меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари Хива бўйлаб виртуал саёҳат қилиш истагини билдирди.
Ўзбекистон кўргазмасини журналистлар ҳам четлаб ўтмади. Республикамизнинг инновацион тажрибаси хақидаги репортажлар «Россия – Культура», BRICS TV ва бошқа телеканаллар томонидан тасвирга олинди.
Хоразм тарихи ва маданияти хақида фестиваль иштирокчиларини таништиришда халқ амалий санъати безаклари имкониятларидан ҳам фойдаланилди. Шунингдек, намойиш этилган санъат намуналари хақида сўзловчи хужжатли фильмлар ва роликлар павильонга ташриф буюрган томошабинларга ҳавола этилди.
«Интермузей-2019» XXI халқаро фестивали 2 июнга қадар давом этади.