Ангренда замонавий темир йўл вокзали барпо этилди

0
339
марта кўрилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига ташриф буюрди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.     
 
Давлат раҳбарининг аввалги ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар асосида Ангренда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан Ангрен темир йўл вокзали барпо этилди.
 
Ангрен транспорт коммуникациялари жиҳатидан муҳим стратегик ҳудуд. Тошкентни водий билан боғловчи темир йўл қурилганидан кейин унинг аҳамияти янада ортди. Лекин вокзал йўқлиги боис йўловчилар узоқ станцияларга боришга мажбур бўларди. Янги вокзал шаҳар аҳолиси ва туристлар учун катта қулайлик яратади. 
 
Вокзалда бир вақтнинг ўзида 100 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Кутиш зали, она ва бола хонаси, тиббий пункт, овқатланиш ва савдо шахобчаларида барча шароит яратилган. 
 
Президентимиз вокзалда йўловчи ва хизматчилар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди. 
 
Шу ерда Тошкент вилоятида туризм, энергетика, кимё, металлургия соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
 
Президентимиз «Чорвоқ» эркин туристик зонасида халқаро дам олиш масканлари, Белдирсой, Чимён ва Нанай ҳудудларида Франция компаниялари консорциуми иштирокида тоғ-чанғи курорти барпо этиш лойиҳаларига алоҳида аҳамият қаратди.
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.