Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарлари кенгаши навбатдаги мажлисининг асосий тадбирларида суратга тушиш маросимидан сўнг тор доирадаги учрашув ўтказилди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Мажлисни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков очди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари иштирок этди.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Мамлакатимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларда фаол иштирок этиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари тузилманинг халқаро нуфузини ошириш, амалий ҳамкорлик қамровини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
2018 йилда Циндаода ўтган учрашувда ШҲТ давлат раҳбарларининг Ёшларга мурожаати ҳамда уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури қабул қилинди. Сентябрда эса Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо мамлакатлар темир йўл идоралари раҳбарларининг биринчи учрашуви ўтказилди. Яна шундай ташаббусларга мувофиқ, Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли» туризм халқаро университети, Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази ташкил этилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Президентимиз ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш, инвестиция ва инновациялар, рақамлаштириш, транспорт ва коммуникациялар, экология соҳаларидаги шерикликни кенгайтириш, агротехнологиялар, туризм ва гуманитар алмашинувларни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича долзарб фикрлар билдирди ва муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг кенг доирадаги музокараларида ташкилотга аъзо мамлакатлар билан бирга кузатувчи мақомидаги давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида минтақага доир долзарб масалаларга эътибор қаратиб, уларни ҳал этиш бўйича амалий таклифлар билдирди. Жаҳон бозорида рақобат кескинлашиб, экологик ва демографик мувозанатсизлик юзага келаётгани, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчилик хавфи сақланиб қолаётганини қайд этди.
— Бугун хавфсизликни таъминлаш бўйича мувофиқлашган сиёсат юритиш, мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар шакллантириш муҳим, — деди давлатимиз раҳбари.
Марказий Осиёдаги барқарорлик ва очиқлик кенг ҳамкорлик ҳамда муҳим минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш учун улкан имкониятлар яратаётгани таъкидланди. «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўли қурилиши шундай муҳим лойиҳалардан бири бўлиб, савдо алоқалари ва инвестиция оқимига кучли туртки беради.
Минтақавий хавфсизлик масаласига эътибор қаратар экан, Президентимиз бу кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятга боғлиқ эканини қайд этди. Ушбу саммит доирасида «ШҲТ — Афғонистон» мулоқот гуруҳининг «йўл харитаси» қабул қилиниши, ушбу мамлакатнинг минтақавий ҳамкорликка фаол жалб этилиши муҳимлигини таъкидлади.
«Ақлли» қишлоқ хўжалиги ва агроинновацияларни татбиқ этиш соҳасига доир концепция ишлаб чиқиш, ресурс тежайдиган ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш мақсадида ШҲТнинг «яшил белбоғи» дастурини қабул қилиш таклифи билдирилди.
Шавкат Мирзиёев халқларимизнинг тарихий-маданий мероси тарғиботини кучайтириш, туризм салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш муҳимлигини таъкидлар экан, ҳар йили аъзо мамлакатлар шаҳарларидан бирини ШҲТнинг туристик ва маданий пойтахти деб эълон қилишни таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари ШҲТ доирасида иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, яшил технологияларни жорий этиш, ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир таклифлар билдирди.