Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунлар ижросини таъминлашдаги камчиликлар учун 5204 мансабдор шахс жавобгарликка тортилган

0
276
марта кўрилган.

Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси мутасаддилари иштирокида “2019 йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида прокуратура органлари фаолияти” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.

Тадбирда маълум қилинишича, шу вақт кесимида:
▪️прокурор қарорлари ва тақдимномалари асосида 408 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган;
▪️прокуратура органлари аралашуви билан 920 нафар фуқаронинг кечиктирилаётган 2,5 млрд сўм иш ҳақлари ундирилган;
▪️прокурорларнинг протестига асосан 693 та ноқонуний суд қарорлари ўзгартирилган ёки бекор қилинган;
▪️хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунлар ижроси юзасидан 137 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган;
▪️соғлиқни сақлаш соҳасидаги қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 456 млн сўмлик етказилган зарар ундирилган.

Вояга етмаганлар ҳақидаги қонунлар ижросини таъминлаш борасида прокуратура органлари томонидан 888 та текшириш ўтказилиб, 4471 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, — деди Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев. — 5204 мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 18 та жиноят иши қўзғатилди”.

Айтилишича, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик аҳволи таҳлил қилиниб, Бош прокурор номидан Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирларига тақдимномалар киритилган ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгиланган.

Вояга етмаганлар ўртасида суицид ҳолатларининг олдини олиш юзасидан таълим муассасаларининг педагог ва психологлари учун методик қўлланмалар тайёрланган.

Бош прокурор ўринбосари журналистлар саволига жавоб берар экан, Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга қарши жиноий иш очилганини маълум қилди. Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов ҳам шу иш доирасида қўлга олинган.

“Тергов жараёнида давлат сирларига алоқадор қатор юқори давлат органлари мансабдор шахслари ишлари кўрилаётгани туфайли терговни ёпиқ тарзда олиб боришга қарор қилинган”, — деди Эркин Йўлдошев.

Брифингда жорий йилнинг 5 ойи мобайнида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Аниқланишича, коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 35 млрд 652 млн 726 минг сўм миқдорида моддий зарар етказилган, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 25 млрд 160 млн 870 минг сўми (ёки 70,5 фоизи) ундирилган.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.