Самарқанд вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти директори Д.Нарзикулов “Пекин-Экспо-2019” кўргазмаси доирасида Жаҳон Туризм Шаҳарлари Федерацияси раҳбарияти билан учрашди. Унда туризм соҳаси истиқболлари ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида Самарқанд шаҳрида Жаҳон Туризм Шаҳарлари Федерацияси минтақавий форумини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Жаҳон Туризм Шаҳарлари Федерацияси – Пекин ташаббуси билан машҳур туристик шаҳарлар билан ҳамкорликда шаклланган халқаро туристик ташкилот. 2012 йилнинг 15 сентабрида асос солинган Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерацияси Пекин шаҳрида ўз штаб-квартирасига эга. Ташкилот фаолият юритувчи расмий тиллар – хитой ва инглиз тиллари.
Жаҳон Туризм Шаҳарлари Федерацияси туристик шаҳарларнинг халқаро йўналишлар сифатидаги жозибадорлигини, уларнинг хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек туристик шаҳарлар ва ҳудудларда мувозанатли иқтисодий ҳамда ижтимоий тараққиётни таъминлашга кўмак беришга йўналтирилган.
Самарқанд шаҳрига Жаҳон Туризм Шаҳарлари Федерациясига аъзолик сертификатини расмий топшириш маросими 2019 йилнинг сентабрида Хельсинки (Финляндия)да ўтказиладиган Бутунжаҳон туристик шаҳарлар федерациясининг навбатдаги саммитида бўлиб ўтади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати