МИБ директори ўринбосари: Ходимларимиз бирорта бадиий китоб ўқимаса, имтиҳондан ўтказилмайди

0
207
марта кўрилган.

Аввал хабар берилганидек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва журналистлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда МИБ тизимидаги ходимларнинг малакасини ошириш масаласига тўхталиб ўтилди. Маълум қилинишича, туман ёки бошқа бўлим раҳбарлари белгиланган аттестациядан ўтаётган вақтда биринчи бўлиб “Сиз қайси бадиий китобни ўқигансиз?” мазмунидаги савол берилади.

“Агар ходим маълум вақт ичида бирорта бадиий китоб ўқимаса, берилган саволларга жавоб бера олмаса, у имтиҳондан ўтказилмайди, — МИБ директори ўринбосари Содиқжон Бердиалиев. — Бошқатдан тайёрланишига тўғри келади. Бундан ташқари, ватанпарварлик руҳида ёзилган халқ оғзаки ижоди намуналаридан саволлар берамиз. Ватани учун жон фидо қилган ҳақиқий ватанпарвар бўлган жадидчилар ҳаётини ўрганишга мажбур қиламиз. Бизга ватанпарвар ходимлар керак. Улардан ватанпарварлик руҳида ишлашни талаб қиламиз”.

Мулоқот давомида ходимларни ватан ва халқ дардида яшашга ундаш учун олиб бориладиган тарғибот ишлари фақат имтиҳонлар доирасида чекланиб қолмаслиги, бу борада бошқа амалиётлар ҳам йўлга қўйилгани таъкидланди.

“Ўзбекистоннинг исталган чеккасида жойлашган МИБ биносига кирсангиз, ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги жумласига дуч келасиз:

Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай,

— деди Бердиалиев. — Нима учун бу ҳикматни биз ўша ерга ёзиб қўймоқдамиз. Ходимларимиз доимий равишда халқ билан ишлайди. Бизга доим қийналган ва ёрдамга муҳтож инсонлар келади. Уларнинг дардини эшитиб ёрдам кўрсатсак, шунчалик катта савобга эга чиқамиз”.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.