Нодир Жонузоқнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига бағишлаган шеъри: МУБОРАК КУНЛАР

0
385
views

Шоирлик деган касб йўқдир дунёда,
Ҳеч кимга “Шоир” деб берилмас диплом.
Юрагинг ёришиб кетар зиёдан,
Туйқус шеър ёзилса –
Йўқласа илҳом.

Ва лекин тириклик урҳоси аро
Сен ҳам эл қатори койитгайсан жон.
Не бахтки, жонингга киргайдир оро –
Газета, радио, ойнаи жаҳон…

Сўз ва тасвир излаб,
Ёруғ ниятда
Мавзулар измида чопгайсан зир-зир:
Ишлайсан тер тўкиб таҳририятда,
Касбинг аниқ – мухбир ва ё муҳаррир.

Нафис ташбеҳлардан аввал қаламинг
Ўжар жумлаларга тегиб, чархланар.
Гоҳ олмос мисоли тансиқ – каломинг,
Гоҳо мис сингари арзон нархланар.

Розисан,
Шеърингни овутиб тунлар,
Кундуз қулоқ тутиб давринг сасига.
Кўксингдан ечилгай чигал тугунлар –
Тўй қилсанг гонорар жамланмасига…

Улкан Таҳририят асли бу – ВАТАН,
Оламга йўллаган ҳар сўзи эзгу.
Балки шоир дея олмас мени тан,
Мухбирим, деса, бас – саодатим шу!

Ахир, шоирлик бу – касб эмас, илло,
Ҳеч кимга “Шоир” деб берилмас ҳужжат.
Ҳилол йўнган ойдин қаламим ила
Элга хизмат қилсам, мен учун шу – бахт.

Ўкинманг, дўстларим,
Ёзмасангиз ҳам,
Сафда турганларнинг собит бирисиз.
Юрт юкин елкага олганингиз дам,
Шубҳасиз, шу элнинг муҳарририсиз.

Неки хато бўлса – қилгайсиз таҳрир,
Тузатгайсиз – неки бўлса гар ғализ.
Давр китобини ёзяпмиз, ахир,
Шу халқнинг ишонган муҳаррири – биз!

Қоғозга тушаркан кўнгил учқуни,
Экранлар ёришиб, зиёга тўлгай.
Демак, ҳар кунимиз – Матбуот куни,
Демак, ҳар кунимиз муборак бўлгай!

26.06.2019

Гўзал шеъриятда ифодаланган дил сўзлари орқали — Газета, радио, ойнаи жаҳон…  вебсайт, нашриёт ва матбаа, ахборот хизматларида ишлаётган барча касбдошларимизни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий қутлаймиз!

ПОДЕЛИТЬСЯ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here