Мамлакатимизда  30 июнь – Ёшлар куни!

0
4002
марта кўрилган.

Ёшлар куни байрами  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  ташкил этилган кун билан бевосита боғлиқ.  2017 йил   30 июнда  бўлиб ўтган Камолат ёшлар ҳаракатининг 4-съездида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи  ташкил этилиб, мақсад ва вазифалари белгилаб олинган эди.

 Мамлакатимиз Президенти 2018 йил 25 августда “Ўзбекистон Республикасида  Ёшлар кунини белгилаш тўғрисидаги” Қонунга имзо қўйди. Айни кунларда  ушбу  кун мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.

Масалан,  Маданият вазирлиги ташаббуси билан давлат театрларида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Республикамиздаги барча давлат театрларида бугун соат 11да спектакллар бепул намойиш этилди.  Шунингдек,  барча майдонлар, истироҳат боғларида  кўнгил очар тадбир, концерт ва ўйинлар ташкил этилмоқда.

Жумладан, “Ҳумо” саройи олдидаги майдонда ҳарбий техникалар қўйилган бўлиб,  болалар учун яхши кўргазма бўляпти. Улуғвор ҳарбий машиналарда  ўтириб расмларга тушаётган болаларнинг ҳайратларини, қувончларини кузатган  киши кичкинтойларнинг бахтиёр дамларини  мамлакат тинчлиги ва юрт фаровонлиги тимсоли дейди беихтиёр.

Қуйида ёш иқтидорли  журналист     Дилобар Аслиддин қизи уюштирган суҳбат орқали етакчи ижодкорларнинг ёшлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Дилобар Аслиддин қизи: – Бугун замон ўзгарди дейишади. Унга ҳамоҳанг ижоднинг шакли, ҳажми ва яратилиш усуллари ўзгарди. Давримиз журналистларининг ижодини кузата туриб кўнглингиздан нималар ўтади?
 
Эркин Малик,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист: 
 
– Ёшларнинг ижодини кузатиб бораман. Уларга ақл ўргатишни эмас, тўғри йўл кўрсатишни ўзимизга бурч деб биламан. Биз босиб ўтган довонлар билан, бугунги кун журналистлари босиб келаётган йўллар орасида жуда катта фарқ бор. Илгари бирор нарсанинг моҳиятини ўрганмоқчи бўлсак, албатта, уни кўриб, у ҳақида тўлиқроқ ва батафсил маълумотларга эга бўлиб, кейин ёзар эдик. Масалан, биргина интенсив боғ ҳақида тушунчага эга бўлиш учун, албатта, Ботаника боғига боришимиз шарт эди. Акс ҳолда у ҳақида ҳеч қаерда маълумот тополмасдик. Пахта ёки бошқа ўсимликлар ҳақида ёзмоқчи бўлсак ҳам далаларга чиқишимизга тўғри келарди. Ҳозир эса аксинча. Интернетда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Биргина интенсив боғ ҳақида маълумотга эга бўлиш учун олим билан учрашишдан олдин интернетнинг ўзидан жавоб олиш мумкин. Ҳеч қаерга бормасдан туриб, кўчатнинг қаердан олиб келиниши, экиш усуллари, парвариш шакллари, умуман, ҳаммаси ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиш имконияти бор. 
 
Бу маълумот оддий фуқарода ҳам бор. Энди журналист нима қилиши керак? Бугунги журналистдан эса маълумотни шу ҳолича ўқувчига етказиш эмас, жойларда бу билан боғлиқ ишлар қай даражада амалга ошириляпти, натижа қандай бўлаётгани ҳақида ахборот бериш керак. Журналистларимизда мулоҳаза ва таҳлил камдек,
назаримда. Ёшларнинг интернетдан маълумот тўплаганлари яхши.  Ана шу ўқиганларини ҳаёт билан уйғунлаштириб, таҳлилий, мулоҳазали мақолалар яратишса янада мақсадга мувофиқ бўлар эди.
 
Дилобар Аслиддин қизи: – Бугунги кун ёш театр актёрлари илм даражаси, сиёсий савияси, саводи, китобхонлиги ҳақида нималар дея оласиз?
 
Мирза Азизов,
Ўзбекистон халқ артисти:
 
– Китоб ўқимаган кишидан яхши актёр чиқмайди. Айниқса, бу театр актёрига тегишли. Чунки театр актёри сўзга бой бўлиши керак. Шунинг учун ҳам мендан маслаҳат сўраб келган ёш актёрларнинг ҳаммасига китобни севишни, китоб мутолаасига кўнгил қўйишни маслаҳат бераман. Шу ўринда, айтиб ўтишим керак, устозларимиз ҳам бизга кўп китоб ўқишни тавсия этар эди. Мана Аллоҳга шукур кам бўлганимиз йўқ.
 
90 йиллик тарихга эга театримиз ёш актёрлари синфи аллақачон шаклланган. Уларнинг ҳеч бири ўз келажагига бефарқ эмас. Мен фахр билан айта оламан, ёшларимиз бўш вақт топдим дегунча ўз устида ишлайди. Тил ўрганади, китоб ўқийди, турли тадбирларга иштирок этади. Шу қаторда сиёсий жараёнлардан ҳам ортда эмас. Газета ва журналларга мунтазам чиқишлар қилади, кўплари илмий изланишлар билан банд. 
 
Таҳририятдан: Дарҳақиқат бугунги ёшларга яратилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди.  Интернет орқали жаҳонга чиқишаяпти. Хорижда билим олишга эришяпти.  Турли тилларни  ўрганишмоқда.  Фан ва спорт олимпиадаларида жаҳон аҳлига ҳайратлар улашмоқдалар. Биз бундан жуда хурсандмиз. Ёшлар — мамлакатимиз келажаги!  Ғайратли ёшларимизга кўз тегмасин. Оллоҳ ҳар бирини ўз паноҳида асрасин.  Ёшлар куни муносабати билан GUJUM.UZ  сайти номидан барчани қутлаймиз! 
Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.