Италиядан хушхабар – гандболчиларимиз Жаҳон кубогида кумуш медални қўлга киритишди

0
142
марта кўрилган.

Италиянинг Терамо шаҳри мезбонлик қилган гандбол бўйича У-18 ёш тоифасидаги Жаҳон кубоги мусобақалари якунланди.

Халқаро гандбол федерацияси тақвимига кирувчи, 47-марта ўтказилган халқаро “Интерамниа” Жаҳон Кубогида мамлакатимиз гандбол терма жамоаси иккинчи ўринни қўлга киритди, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати.

Жаҳоннинг 32 та мамлакатидан 122 та жамоа иштирок этган баҳсларда Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати ўқувчиларидан иборат терма жамоа юртимиз шарафини ҳимоя қилди.

Улуғбек Икромов шогирдлари 9 та жамоа иштирок этган гуруҳ босқичида Дания (30:9), Чехословакия (30:18), Полша (38:12), Венгрия (20:20), Франция (22:16), Германия (28:9), Италия (22:15), Туркия (34:15) каби жамоаларга қарши кураш олиб борди ва уларнинг аксариятини йирик ҳисобларда мағлуб этишнинг уддасидан чиқишди.

Шундан сўнг чорак финалга Чехословакия, Дания, Венгрия ҳамда вакилларимиз етиб келишди.

Гандболчиларимиз ярим финалда венгрияликларни 28-18 ҳисоби билан доғда қолдириб финал йўлланмасини қўлга киритишди.

Ҳал қилувчи баҳсда вакилларимизга бироз омад етишмади. Чехословакия терма жамоасига қарши кечган ўйинда 25-26 ҳисоби қайд этилиб, ёшларимиз кумуш медал билан тақдирланишди.

Маълумот учун, ўйинлар 5 та ёпиқ ва 9 та очиқ майдонларда ўтказилди.

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.