Ўзбекистонда юридик шахс мақомисиз Ёшлар академияси ташкил этилади

0
223
марта кўрилган.

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомисиз Ёшлар академияси ташкил этилади. Бу президент Шавкат Мирзиёйевнинг 30 августдаги ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорида ўз аксини топган.

Aкадемия Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳамкорлигида ташкил этади.

Ёшлар академиясига ўзларининг инновацион лойиҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлардан ташкил топган жамоалар танлов асосида қабул қилинади.

Ёшлар академиясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини ошириш;
  • иқтидорли ва ташаббускор ёшлар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва мунтазам янгилаб бориш ҳамда уларнинг мамлакатнинг етакчи олимлари ва ишбилармонлари билан ҳамкорлигини таъминлаш;
  • илмий-тадқиқотларни бажариш иштиёқига эга иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, амалий ва инновацион тадқиқотларни олиб боришларига имкон яратиш, янги авлод ёш олимларини тайёрлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш;
  • ёш олимлар томонидан аниқ вазифаларни ҳал етишга, ички ва ташқи бозорларда талаб юқори бўлган илғор технологик ишланмаларни ишлаб чиқишга қулай шароитлар яратиш;
  • илмий-инновацион акселератор ва бизнес-инкубаторларни ташкил этиш асосида ташаббускор ёшларни тадбиркорлик фаолиятига йўналтириш;
  • ёшларнинг стартап лойиҳаларини хўжалик бошқаруви органлари ва давлат улуши мавжуд корхоналарни изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, тижоратлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқаришга йўналтириш;
  • иқтидорли ёшларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари, университетлари, технопарклари ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишларига кўмаклашиш;
  • халқаро ва маҳаллий даражада эътироф этилган ташкилотлар, университетлар, илмий марказлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, уларнинг олимлари ва мутахассислари иштирокида маҳорат дарслари, тренинглар, шунингдек, долзарб илмий-инновацион йўналишлар бўйича конференциялар, семинарлар ва танловлар ўтказиш.

Ёшлар академияси фаолияти доирасида мамлакат келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дастурлаш, саноат дизайни, 3Д моделлаш ва бошқа истиқболли йўналишларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалари амалга оширилади.

Фото: Юрий Корсунцев / «Газета.uz»

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.