Республикамизда 2021 йилдан мажбурий тиббий суғурта тизими босқичма-босқич жорий этилиши лойиҳалаштирилган. Биринчи бўлиб, Сирдарё вилоятида амалга оширилади, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Мазкур вилоятда тиббиёт муассасаларига замонавий ахборот технологияларини татбиқ этиш, давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари билан шартнома тизими, кафолатланган тиббий хизмат ҳажми ҳамда жон бошига ва ҳар бир даволанган шахс учун тўлов тизимини яратиш белгилаб ўтилган.
Иккинчи босқичда 2023 – 2025 йиллар давомида яна олтита вилоятлар қамраб олинади. Учинчи босқичда 2025 йилдан бошлаб барча ҳудудлар тўлиқ қамраб олинади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида тегишли миллий ва халқаро ташкилотлар, илм-фан муассасалари, малакали экспертлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик натижасида «Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Бу моделни бирламчи даражада амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилади.
Сурат https://mind-hacks.wonderhowto.com сайтидан олинди.