Баҳор келиши билан кунларнинг узайиши ва илиши, табиатни уйғониши яхши кайфият, орзу ва умидларни ўйғотади. Шу билан бирга баҳор фақат хурсандчилик эмас, балки организм кучсизланиши, чарчаши, жуда кўп касалликларнинг кучайиши даври ҳамдир.
Тирноқларнинг синиши ёки “сочиқсимон” бўлиши, терининг қуриши, сочларнинг тўкилиши кўпчиликда одатий ҳоллардан бири. Буларнинг ҳаммаси витаминлар етишовчилиги — гиповитаминознинг белгиларидир. Агар бу ҳолат кўпроқ давом этса, юрак ўйнаши, пайларнинг тортишиши, нафас, ошқозон-ичак ва бошқа касалликларнинг кучайиши ҳам рўй бериши мумкин. Қадимдан халқимиз илк баҳор айёмини “илик узилди”даври деб изоҳлайди. Баҳордаги витаминлар тақчиллиги ҳолати, айниқса, ёш болалар, ҳомиладор ва эмизикли аёлларга кучли таъсир қилади. Бу ҳолатни тиббиёт ҳодимлари баҳор астенози (кучсизланиши), ёки баҳор гиповитаминоз стресси деб аташади.
Витаминларнинг 40 дан ортиқ тури бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига инсон организмига ўзига хос физиологик таъсирга эга.
Витамин А. Унинг етишмаслигидан шапкўрлик (қоракўрлик) касаллиги келиб чиқади, болалар бўйи ўсишдан қолади. У қон ҳосил бўлишини тезлаштиради ва оксидланиш жараёнларида қатнашади. Терининг қуриб, кўчиши ҳам А витаминнинг етишмаслигидан содир бўлади. Одам тез чарчаб, бўшашади. Бу витамин сабзи, помидор, чаканда (облепиха), отқулоқ, четан, итбурун, болгар калампирда, наъматак, петрушка, балиқ ёғи, сариёғ, жигар, буйраклар ҳамда тухумда кўп миқдорда учрайди.
Витамин Д. Бу витамин организмда кальций ва фосфор алмашинувида фаол қатнашади. Витамин Д нинг етишмовчилиги тез чарчаш, бўшашиш, суяк ва бўғинлар оғриғининг кучайиши, диабет, гипертония ва бошқа касалликларнинг кучайишига сабаб бўлади.
Унинг етишмаслигидан болаларда суякланиш жараёни бузилади, натижада рахит касаллиги келиб чиқади, бунда оёқ суяклари тана вазнига бардош беролмасдан қийшайиб қолади. Танадаги бошқа суякларнинг ривожланиши ҳам витамин Д етишмаслиги натижасида кўнгилдагидек бўлмайди, бола юқумли касалликларга тез берилувчан, яхши ухламайдиган, инжиқ бўлиб қолади. Бу витамин ўсимлик маҳсулотларида жуда кам бўлиб, ҳайвон маҳсулотларидан балиқ ёғи, сариёғ, тухум сариғи, сут ва денгиз маҳсулотларида кўп бўлади. Д витамин терига қуёш нури таъсир этиши билан синтезланади. Шунинг учун болаларда қишда куёш нурининг етишмовчилигидан кейин баҳор пайтида ушбу витаминга эҳтиёж айниқса кўп сезилади.
Витамин Е. Витамин Е кўпайиш витамини деб ҳам юритилади, чунки у пуштсизлик ва бола бўлмаслик ҳолатларини олдини олишда катта ёрдам беради. У ҳужайраларга эркин радикалларнинг ўтишини тўхтатади, юрак мускуллари ва тана мускулларининг ишлашини яхшилайди. Витамин Е камайганда организмнинг умумий заифлашуви билан бирга жинсий кучсизланиши ҳам рўй беради. Бу витамин асосан ўсимлик маҳсулотларида учрайди. Гречка, чаканда, исмалоқ, ёнғоқ, униб чиқадиган буғдой, сули ва бошқа донларда ҳам у кўп бўлади.
Витамин С. Баҳорда бу витаминнинг етишмаслиги туфайли умумий дармонсизлик, милкларнинг қонаши, кўрув қобилиятининг камайиши рўй беради. С витаминнинг танқислиги кучайиб кетса, цинга касаллиги кузатилиб, бунда милклар яллиғланади, тишлар тушиб кетади, танада оқсиллар алмашинуви бузилади, организмнинг турли касалликларга берилувчанлиги кучаяди. Бу витамин мевалар ва полиз маҳсулотларида, айниқса қора смородина, итбурун, исмалоқ, тузланган карам, редиска, апельсин, лимон, мандарин, чаканда, укроп, петрушка, кашничларда кўп бўлади.
Витамин В1 нерв тизими иши ва углеводлар алмашинувини яхшилайди. Унинг овқат таркибида бўлмаслиги периферик асабларининг яллиғланиши (полиневрит), юрак ва ҳазм тизими фаолиятининг бузилишига олиб келади. Етишмаслигидан тез чарчашлик, ланжлик ҳоллари келиб чиқади. Бошоқли ва дуккакли ўсимликларда, тухум сариғи, ачитқи, жигар, буйрак ва юрак тўқималарида витамин В1 кўп бўлади.
Витамин В2 етишмаганида одамда лаб териси зарарланади, ёрилиб усти қорамтир пўст билан қопланади. Кейинчалик кўз ва тана терисининг бошқа қисмлари ҳам зарарланади, тери пўст ташлай бошлайди, камқонлик, нерв тизими фаолияти бузилиб, ҳушдан кетиш ҳоллари ҳам учрайди, қон босими пасайиб кетади. Бу витамин нон, помидор, сут маҳсулотларида, тухум, жигар, гўштда кўп учрайди.
Витамин В6 етишмаса оқсил алмашинуви бузилади, мускуллар кучсизланади, тортишиб қолади, сочлар тушиб кетади, иштаҳа йўқолади. Витамин В6 шоли кепаги, дуккаклиларда, карам, сабзи, жигар, гўшт ва буйракларда кўп бўлади.
Витамин В12 етишмаслиги камқонлик касаллигига олиб келади, айниқса қизил қон таначалари — эритроцитлар миқдори камайиб кетади. Бу меъда шиллиқ пардасида ҳосил бўладиган витамин бўлиб, балиқ, жигар, буйракларда кўп учрайди.
Витамин РР етишмаслигидан оғиздан кўпроқ сўлак ажралиши ва ич кетиш ҳоллари учрайди, тери дағаллашиб қолади. Агар ушбу витамин етишмаслиги узоқ муддат давомида кузатилса, руҳий касалликлар келиб чиқади. Ушбу дармондори сабзи, картошка, нўхат, буғдой ва сули уруғида, сут, гўшт, жигарда учрайди.
Юқорида кўриниб турибдики, витаминлар инсон ҳаётида мухим аҳамиятга эга бўлиб, айниқса, баҳор пайтида организмимизнинг уларга бўлган талабчанлиги ортади.
Инсоният пайдо бўлганидан бошлаб атроф-муҳитдаги ўсимликларнинг мевалари, барглари, поялари, турли хил жонзотларнинг гўштларини тўғридан-тўғри истеъмол қилиш билан тирикчилик қилган. Бундай овқатланиш миллион йиллар мобайнида давом этиб, эволюцион нуқтаи назардан кишиларнинг қон-жонига сингиб кетган. Натижада танадаги барча тириклик жараёнларининг меъёрида бориши айнан шундай овқатланишга, яъни «соғлом» овқатланишга мослашиб борган. Табиий яъни “тирик” таомлар (донлар, сабзавотлар, кўкатлар ва ҳ.з.) таркиби энергетик қийматга эга бўлмаса-да, ҳаёт учун зарурият бўлган – витаминлар ва бошқа биологик фаол ҳамда маъданли моддалар мавжуд. Бироқ, аксарият қисми қовуриш, қайнатиш, буғлатиш туфайли парчаланиб кетади, чўкма ҳолига тушади, бир сўз билан айтганда, бундай шароитда улар ўз кучини йўқотади. Қишда ҳам биз хўл сабзавот ва меваларни истеъмол қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин истеъмол қилгунга қадар, улар одатда кўп сақланади, транспортланади, сақлаш учун турли ишловларга дучор бўлади, хуллас, дастурхонимизга етиб келгунча, бу мева ва сабзавотларнинг фойдали хоссалари камаяди: витаминлар миқдори камаяди ва биологик фаол моддаларнинг структураси бутунлай ўзгаради. Шунинг учун консерваланган, қўшимча тозаланган ва қўшимча ишлов берилган маҳсулотларни истеъмол қилиниши ҳам, организмни тиклай олувчи энергиянинг манбаси бўла олмайди.
Баҳор фаслида кундалик овқат билан бирга витаминларга бой маҳсулотларни айниқса, кўкатлар, сабзавотларни янги узилган ҳолда истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Таомлар тайёрлашда, маҳсулотларга камроқ термик ишлов бериш, яъни камроқ қайнатиб ва қовуриб, имконияти борича (70% гача) хом истеъмол қилиш зарур.
Айниқса, далаларда янги унаётган жағ-жағ, исмалоқ, отқулоқ, ялпиз, беда, чумчуқкўз, момоқаймоқ, қичитқи ўт, зубтурум, шўра, семизўт ва бошқалардан тайёрланган таомлар биз учун қиш охири ва баҳор бошларида энг фойдали озиқадир. Эндигина ниш уриб чиққан дон маҳсулотлари витаминлар ва бошқа биологик фаол моддалар, биоген унсурларга жуда бой бўлади. Танани айтилган моддалар билан бойитишда ундирилган бўғдой, сулилардан салат ва бошқа таомларни тайёрлаш баҳордаги авитаминоз стрессни олдини олишнинг энг қулай ва арзон усулидир.
Баҳорда кунда ёғсиз гўшт, тухум, сут-қатиқ ва балиқ маҳсулотларини истеъмол қилиш ҳам мақсадга мувофиқ, чунки улар алмашинмайдиган аминокислоталарга бой бўлиб, уларнинг бир нечтаси, ҳатто биттаси истеъмол таомида бўлмаса ҳам, оқсил тақчиллигининг келиб чиқиши муқаррар. Оқсиллардан ташқари турли витаминлар, магний, кальций, йод ва бошқа минерал унсурларни тутувчи озиқаларни (денгиз маҳсулотлари, исмалоқ, ловия, мош, нўҳат, соя, буғдой, арпа, тариқ, маккажўхори, сули, ёнгоқ, картошка ва бошқалар)ни овқат рационига киритилиши ҳам умумий аҳволни яхшилайди.
Ҳалқимиз ҳам қадим-қадимдан баҳор пайтида фойдали ўсимликлардан бир қанча таомлар тайёрлашни билганлар ва бу анъана ҳозиргача сақланиб келмоқда. Бундай таомлар қаторига кўк чучвара, кўк сомса, кўк манти, сумалак, халим кабиларни мисол қилиб олишимиз мумкин. Буларнинг ҳар бири дармондориларга бой бўлиб, булар орасида айниқса, сумалак ўзининг тўйимлилиги, витаминларга бойлиги, энергетик озиқ моддаларнинг кўплиги билан ажралиб туради.
Буюк қомусий олим Абу Али ибн Сино «Овқатни ўйламасдан еяверсанг бир куни у ҳам сени ейди» деганларидек, баҳордаги еган-ичганга бепарволик биринчи навбатда иш қобилияти пасайиш ва саломатликнинг кушандасидир. Шунинг учун баҳорда оқилона овқатланиш орқали асабийлашиш, авитаминозлар ва бошқа сурунқали касалликлардан энг арзон ва осон йўл билан муҳофазаланиш мумкин. Тўғри маҳсулот истеъмол қилиш натижасижа вужудимиз кўпгина зарур витаминлар, биологик фаол моддалар ва биоген унсурлар билан тўлиқ таъминланади, танамиз доим соғ, кайфиятимиз ва меҳнат унумдорлигимиз юқори бўлади.
Қўчқарова Любовь Салижановна, Ўзбекистон миллий университети профессори, биология фанлар доктори