ХИВАда “РАҚС СЕҲРИ» ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛИ 

0
704
марта кўрилган.

Ўзбек халқининг миллий рақс санъатини дунёга танитиш, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш мақсадида ўтказиб келинаётган “Рақс сеҳри” халқаро фестивали Хива шаҳридаги “Ичан-қалъа” давлат музей-қўриқхонасида 14-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтди. 

Фестивалнинг очилиш маросимида Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов, Польша Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Петр Ивашкевич, Озарбайжон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номли маданият маркази раҳбари ўринбосари Зейналов Полад Мансур ўғли сўзга чиқди.

Анъанага айланган “Рақс сеҳри” халқаро фестивалида Англия, Голландия, Франция, Малайзия каби йигирмага яқин мамлакатдан юздан зиёд  меҳмонлар ва бадиий жамоалар қатнашди. 

 – Ўзбекистоннинг ўзига хос рақс санъати мени ҳамиша мафтун этиб келади, – дейди ҳидистонлик раққоса Патра Синхи. – Сизларнинг тарихи буюк юртингиз ва сеҳрли рақсларингиз билан интернет орқали танишиб, бу ерга келишни, миллий рақсларингизнинг жозибали ҳаракатларини ўрганишни орзу қилардим. Бугун Ўзбекистонга қадамим етганидан ниҳоятда хурсандман. Фестивал биз учун маҳорат мактаби десам арзийди. Жаҳон санъаткорлари бир-бирларининг рақсларини кузатиб тажриба алмашмоқдалар. Ушбу маданий тадбирда ўзбек  миллий қадриятларини, урф-одатларингизни,  санъатингизни улуғланиши билан ҳам бизни лол қолдирди.

Дарҳақиқат, тадбир дастури ниҳоятда ранг-баранг бўлиб, ундан кўплаб маданий тадбир  ва кўргазмалар  ўрин олди. Миллий либослар кўргазмаси фестивалнинг дастлабки тадбирларидан бири бўлди. Унда Хоразм вилоятининг бир қатор иқтидорли дизайнерлари ўз либослари жамламасини намойиш этди.
– Мен бугун “Ўзбегим аёли” деб номланган либослар жамламасини намойиш қилдим, – дейди урганчлик дизайнер Гулнора Оллоёрова. – Улар асосан миллий матолар ва безакларимиздан фойдаланган ҳолда замонавий кўринишда яратилган. Халқаро фестивалда иштирок этиш учун келган хорижлик меҳмонлар бизнинг ижод ва меҳнат маҳсулимизга катта қизиқиш билдиргани бизни ниҳоятда хурсанд қилди. Ҳатто улардан буюртмалар ҳам қабул қилдик.


Халқаро фестиваль доирасида анимацион шоулар, саҳналаштирилган томошалар, ҳунармандлар кўргазмаси, миллий таомлар, халқ ўйинлари, тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари ташкил этилди. Хоразм нонларининг тайёрланиши жараёнларини акс эттирувчи тадбир ҳам барчада қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, стилист ва сартарошлар танлови, миллий халқ ўйинлари бўйича мусобақа, тасвирий ва амалий санъат кўргазмаси, «Ўзбекистон Миллий рақс санъати» фотокўргазмаси ҳамда “Рақс санъатида миллий анъаналарнинг аҳамияти” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
 “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг “Кўҳна арк” майдонида бўлиб ўтган якуний гала концертда қатор йўналишларда ўтказилган танлов  ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ўтказилди.

 Мафтуна РЎЗИМАТОВА

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.