Ўзбекистонда Татаристон Республикасининг Маданият кунлари

0
376
марта кўрилган.

Ўзбекистонда Татаристон Республикасининг Маданият кунлари бўлиб ўтди.  Дастур доирасида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида икки халқ санъати усталарининг концерти уюштирилди.

Ўзбек ва татар халқларининг умумий тарихи мавжудлиги, анъана ва миллий урф-одатларнинг ўхшашлиги туфайли азал — азалдан яқин маданий алоқалар ўрнатишга, ютуқларни бирга баҳам кўришга имкон берган. Бу анъаналар бугун ҳам давом этмоқда. Ўзбекистонда Татаристон Республикаси Маданият кунларининг ўтказилиши ҳамкорликнинг янги босқичдаги амалий тимсолига айланди.

Бугунги кунда республикамизда энг йирик татар диаспораларидан бири — 240 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади, уларнинг деярли ярми Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилади.

1990 йилда пойтахтда республиканинг энг фаол миллий маданий марказларидан бири бўлган Татар жамоат маданий-маърифий маркази ташкил этилди. Ушбу марказ томонидан турли хил байрамлар ўтказилиб, уларга кенг жамоатчилик жалб қилинади. Вилоятларда татар халқининг тили, маданияти, урф-одатларини сақлашда фаол иштирок этадиган яна саккизта татар жамоат бирлашмаси мавжуд.

Татар халқи Ўзбекистон ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келган. Ўзбекистонда катта ҳурмат билан тилга олинувчи Рим Гениатуллин, Галия Измайлова, Чингиз Ахмаров ва каби фан, сиёсат, иқтисодиёт, маданият ва санъат соҳаси фидойиларини яхши билишади.
Бугун мамлакатимизда дунёнинг барча давлатлари билан кўп томонлама ҳамкорлик қилиш учун барча шароитлар яратилган. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосида ривожланиб бормоқда.

Бундай маданий тадбирларни ўтказиш яхши анъанага айланган, бу мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
Самарқанд шаҳридаги «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, Термиздаги Бахшичилик санъати халқаро фестивали, Шаҳрисабздаги Мақом халқаро анжумани ва яқинда Қўқонда бўлиб ўтган ҳунармандчилик халқаро фестивалида Россия, хусусан Татаристондан мусиқачилар иштирок этдилар. Шунингдек, ўтган йили сентябрь ойида Галиасгар Камал номидаги Татар давлат академик театрининг Тошкент шаҳридаги гастрол сафари муваффақиятли ўтди.

Маданият кунларининг очилиш маросимига бағишланган тантанали тадбирда татар маданий маркази фаоллари, Ўзбекистондаги диаспоралар, дипломатлар, жамоат арбоблари, маданият ва санъат ходимлари иштирок этдилар.
Театр фойесида бадиий-амалий санъат кўргазмаси, расмлар, шоир ва ёзувчиларнинг китоблари тақдимоти, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар ташкиллаштирилди. 

Очилиш маросими байрамона кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Шунингдек, меҳмонлар дастур доирасида  Хастиимом  мажмуасини зиёрат қилишди,  Темурийлар тарихи ва Амалий санъат музейини томоша қилдилар.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги  Матбуот хизмати

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.