Ашхобод шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси бўлиб ўтмоқда, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.
Давлат раҳбарлари дастлаб тор доирада музокара ўтказди.
Унда нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини қайд этди ҳамда шерикликнинг истиқболли йўналишларига алоҳида эътибор қаратди.
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ўзбекистон учун, аввало, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, турли тармоқларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт-коммуникация ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш жиҳатидан манфаатлидир. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ушбу ташкилотдаги иштироки анча фаоллашди. Жорий йили юртимизда МДҲнинг кўплаб тадбирлари ўтказилди.
Учрашувда 2020 йилда МДҲда раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисидаги қарор барча томонидан қўллаб-қувватланди.