Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида мамлакатимиз тарихида илк бор “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Мазкур янги қонун билан мактабгача таълим ва тарбия – болаларга таълим ва тарбия беришга, уларни интеллектуал, маънавий-ахлоқий, этик, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ривожлантиришга, шунингдек, болаларни умумий ўрта таълимга тайёрлашга қаратилган узлуксиз таълим тури, этиб белгиланди.
Мамлакатимизда кейинги уч йилда мактабгача таълим соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бугун юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борди, шаҳару қишлоқларимизда кўркам мактабгача таълим муассасалари қад ростлади.
Шу маънода, соҳанинг ҳуқуқий асослари алоҳида қонун билан мустаҳкамланиши Давлатимиз раҳбари томонидан келажак авлод таълим-тарбиясига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яққол намунаси бўлди десак, ҳақиқатни айтган бўламиз.
Зеро, Ўзбекистонда дунё тажрибасида биринчи марта мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди, мамлакатимизда биринчи марта давлат-хусусий шериклик асосида фаолият олиб борадиган боғчалар ташкил этилди, мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.
Соҳага оид қонун билан мамлакатимизда яшовчи ҳар бир боланинг мактабгача таълим-тарбия олиш ҳуқуқига эга бўлгани, энг муҳим жиҳат, давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотига ўқишга киришидан бир йил олдин давлат мактабгача таълим ташкилотларида умумий ўрта таълимга мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлаши белгилаб қўйилгани катта янгиликдир.
Шу ўринда мазкур Қонун лойиҳаси тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан такомилиги етказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унда, жумладан, мактабгача таълим ташкилотларининг турлари аниқ кўрсатиб қўйилди (умумий турдаги, кўп тармоқли ихтисослашган, инклюзив гуруҳларга эга ҳамда қўшма турдаги мактабгача таълим ташкилотлари), мактабгача таълим ташкилотларининг иш режими, мактабгача ёш даврлари, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш ва улардан чиқариш, мактабгача таълим ташкилоти гуруҳларини тўлдириш ва болаларни бир гуруҳдан бошқасига ўтказиш ҳақидаги аниқ нормалар нафақат амалиётда ишловчиларга, балки ота-оналар учун ҳам ҳар томонлама қулайлик туғдиради.
Илк бор мазкур қонун билан мактабгача таълим тизимида меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир қатъий талаб ва чекловлар белгиланаётганининг сабаби уларнинг қўлида юртимиз келажаги бўлган фарзандларимиз тарбияланиши билан изоҳланади.
Қонунга мувофиқ, келгусида муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари ёки жисмоний нуқсонлари бўлган фуқаролар, шунингдек қасддан жиноятлар содир этгани учун илгари ҳукм қилинган фуқаролар мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотлар билан ўз меҳнат шартномаларини салбий сабабларга кўра тугатган фуқаролар, қўлланилган жазо чорасидан, судланганлиги ҳолати тугатилганидан ёки олиб ташланганидан, ўзига нисбатан амнистия ёки авф этиш акти қўлланилганидан қатъи назар, қасддан содир этилган жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар, жиноят ишлари айбдорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмаган ҳолда тугатилган жиноятлар содир этган шахслар мактабгача таълим тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбар ходимлари бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги норма киритилган.
“Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши билан мактабгача ёшдаги болалар шахсини ҳар томонлама шакллантиришга, уларни жисмоний, маънавий-ахлоқий ва ҳиссий ривожлантиришга шарт-шароитлар яратилади, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамровининг ошишига эришилади. Тарбияланувчиларнинг сифатли мактабгача таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилади. Соҳада давлат-хусусий шериклик ривожланади.
Мактабгача таълим тизимига илғор педагогик, инновацион ва ахборот коммуникация технологиялари татбиқ этилади, бошқарув органлари ва уларнинг фаолиятида, мактабгача таълим ташкилотларининг молиявий фаолиятида очиқлик, шаффофлик принципларининг устуворлиги таъминланади.
Мактабгача таълим тизимида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишга, тизим ходимларини танлаш ва ривожлантиришда янгича ёндашувлар татбиқ этилишига эришилади.
Энг муҳими, мактабгача таълим ташкилотларида сифатли тиббий хизмат, болаларнинг рационал ва соғлом овқатланиши таъминланади, айниқса, болаларнинг мактабгача таълим олишида ота-оналарнинг роли кучайтирилади.
Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати