Хоразм вилояти Хонқа туманда 182 709 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туман Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланаишга топширилгани аҳолига янада кенг имкониятлар яратди.
Жорий йил 9 ойи давомида аҳолига 82 мингдан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Жумладан, дори воситалари чакана савдоси билан шуғулланиш учун рухсатнома, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш тўғрисида, ипотека тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказиш, тиббий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини лицензиялаш, электрон рақамли имзо калитларини бериш, қурилиш-монтаж ишларига рухсатнома бериш, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш ва бошқа кўплаб давлат хизматлари шулар жумласидандир. Бу ерда барча давлат хизматлари тезкор, қулай, шаффоф ва сифатли тамойиллар асосида кўрсатилади. Йил давомида 1326 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, уларнинг қарийб 43 таси сайёр тартибда амалга оширилди.
– Туман Давлат хизматлари марказининг эски биноси жуда кичик ва кўримсиз аҳволда эди, тикка оёқда навбат кутиб қолиб кетар эдик. Янги бинонинг кенг ва шинамлигидан инсоннинг бахри дили очилади. Тадбиркорлик фаолиятимни 2006 йилда бошлаганман, у пайтларда биздан жуда кўп ҳужжатлар талаб этиларди ва уларни тўғрилаш учун энг камида 1-2 ой вақт кетарди. Эндиликда фақат хужжатлар ҳаракатланади, энг муҳими очиқлик ва шаффафлик принципига асосланган тарзда амалга оширилади. Бу эса тадбиркорликка иштиёқманд инсонларсафини янада кенгайтиради,-дейди Искандар Нуруллаев Хонқа туман “Зайниддин телеком” хусусий корхона раҳбари.
Туман давлат хизматлари марказида электрон навбат киоскаси ташкил этилди. Шунингдек, марказ ходимлари махсус техника билан жиҳозланган «Дамас»ларда энг чекка ҳудудларга бориб, аҳолига керакли давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда, 9 ой давомида фуқароларга 1300 дан ортиқ мобиль, сайёр хизматлар кўрсатилди.
Умуман олганда давлат хизматлари агентлигининг асосий мақсади, аҳолига турли тўсиқларсиз ва ортиқча ҳужжатларсиз давлат хизматлари кўрсатишдан иборатдир. Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бари юртдошларимизнинг давлат хизматларидан кўнгли тўлиб ва унумли фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир.
Мафтуна Рўзиматова,
Давлат хизматлари агентлиги Хоразм вилояти
бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ
билан алоқалар шўъбаси етакчи маслаҳатчиси.