Дилбар Бекчанова: Партиямиз мақсади – Парламентни халқ уйига айлантириш

0
331
марта кўрилган.

Мамлакатимизда 22 декабрь куни ўтказиладиган сайловлар олдидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар ўз сайловолди ташвиқотини амалга оширмоқда.

117- Урганч сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзоди қўйилган беш нафар партия вакиллари гоҳида халқ ҳузурига  режа асосида бешаласи бирга чиқиб келяпти, гоҳида эса алоҳида-алоҳида учрашувлар уюштиришаяпти.  Урганч шаҳридаги “Олма боғ”, “Гулшан”, “Гулчилар” ва “Гулзор” маҳаллаларида яшовчи сайловчилар билан 15-сон умумтаълим мактабида бўлган учрашувда 200га яқин аҳоли қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Дилбар Бекчанова ва Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод қатнашди. Қолган уч партиядан ишончли вакиллар иштирок этди. Қонунларда номзоднинг ўрнига гоҳида ишончли вакиллари ҳам иштироки белгиланган бўлсада аҳоли ўз нарозилигини билдирди. Узрли сабабларни қабул қилишни хоҳламади. Ҳозирдан халқ ҳузурига келмаса келажакда аҳоли билан ишлаши қандай бўлади деган саволларга жавоб исташди. Д. Бекчанова сайловчиларнинг барча саволларига жавоб берди. Шундан кейин  йиғилиш рисоладагидек ўтди.

Тадбирда номзодларнинг таржимаи ҳоли ва меҳнат фаолияти, сайловолди дастури ҳақида маълумотлар  берилди.

Д. Бекчанова Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва номзоднинг дастурида барча соҳаларда миллий манфаатларни ҳимоялаш, барқарор миллий иқтисодий ривожланишга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари суриш, солиқ амницияси эълон қилинишини қўллаб-қувватлаш, Оила-мактабгача таълим-мактаб” шиори билан узлуксиз тарбия тизимини яратиш ва юксак маънавиятли, ватанпарвар авлодни камолга етказиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, илм-фан, таълим ва маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилиш, маҳалла, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш каби устувор мақсадлар белгиланганини қайд этди.

Сайловчилар Д. Бекчановани саволларга кўмиб ташлашди.
Аҳолининг энг биринчи саволи депутат бўлиб сайланадиган бўлса, сайловчилар билан мунтазам боғланишнинг иложи бўладими? Номзод бу саволга партиянинг “Парламентни халқ уйига айлантириш” дастури борлиги ва у орқали электрон парламент назоратини жорий этиш, давлат ташкилотлари ва хизматчилари фаолиятини баҳолаш тизимини ривожлантириш  масалалари амалга оширилиши белгиланганлигини гапириб берди.

Сўнгра коммунал хизмат, электр энергия, мактабгача таълим, мактаб муаммоларига доир саволларга партия ва ўзининг дастуридан келиб чиқиб жавоб берди.

– Мамлакатимизда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига жавоб берадиган демократик давлат қуриш бешта партиянинг ҳам  асосий мақсадларидан биридир. Бунинг учун аввало, қонунчиликни мустаҳкамлашимиз керак. Шу мақсадда партиямиз “Тарбия асослари тўғрисида”, “Халқ табобати тўғрисида”,  “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш асослари тўғрисида” ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни режалаштирган. Шу орқали коммунал хизматлар, уй-жой фондидан фойдаланиш учун нарх-наво таърифларини шакллантириш меъёрларини, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигининг чегараланган даражасини қонунчиликда мустаҳкамлаш, нарх-наво ва таърифлар оширилиш ҳолатига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматларга ўрнатилган тарифлар устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш каби таклифларимиз бор, – дея таъкидлади депутатликка номзод Д Бекчанова.

Ушбу тадбирдан мен ҳам сабоқ олдим. Аҳолининг саволларига устознинг жавобларини кузатиб, халқ билан муомала қилиш маданиятини ўргандим. Энг қувонарлиси шуки, аҳоли Д. Бекчанованинг муносиб жавобларидан кейин тинчланди. Беихтиёр хаёлимга Абдулла Авлонийнинг халқ тўлқиндир, халқ кучдир деган сўзлари келди. “Халқ сўзи– ҳақ сўзи” деган матал бежиз эмаслигига яна бир карра гувоҳ бўлдим.

Учрашув охирида  аҳоли орасидан сайловчилар чиқиб, Д. Бекчановага  биз сизга овоз берамиз деганида, партиямиз муносиб номзодни кўрсата олганидан хурсанд бўлдим.

Асқар СУЛТОНОВ,  ЎзМТДП Хоразм вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.