Aхборий жамиятда бизни нималар кутяпти?

0
2156
марта кўрилган.

XX асрнинг охирги чорагида инсоният ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилди. Инсон онги, дунёқараши, маънавияти, маданияти, турмуш тарзи юксалди. Олимлар энди бу ўзгаришларнинг қудрати ва кўламини ифодалаб бера оладиган муносиб сўз қидиришга тушдилар. Баъзилар “космос асри”, баъзилар “электрон давр”, баъзилар “глобал қишлоқ” деб тилга ола бошлашди. Ж. Ф. Лиотара бу даврни “постзамонавий жамият”, Д. Габор – “етук жамият”, Т. Компанелла ва Т. Мор – “идеал жамият” деб номлаяпти. Збигнев Бжезинский эса “биз “технотрон давр” арафасида турибмиз”, дея изоҳласа, Даниэль Белл “постиндустриал жамият”нинг кириб келаётганини ёзади.  Эльвин Тоффлер супериндустриал жамиятга қадам қўяётганимизни қаламга олади.

Биз эса ҳозирча бу янги жамиятни “ахборий жамият” деб атаяпмиз. Зеро, мамлакатимизнинг биринчи президенти Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессияси (1993 йил 28 сентябрь, Нью-Йорк)даги маърузасида (Асарлар, 2-жилд) айтган эди: “Ҳақиқатдан ҳам, инсониятнинг эртанги куни қандай бўлар экан? У янги даврга қай холатда кириб боради? У ўтмишнинг оғир меросини бартараф эта оладими? Ўзаро ҳадиксираш, ишончсизлик, ҳукм ўтказиш ҳоллари йўқ бўлиб кетганда у давлатлараро муносабатларда рўй-ростлик ва самимийликнинг шундай даражасига эришадими? Миллатлар ҳамжамиятининг келажаги мана шу саволларга бериладиган жавобларга боғлиқ”. Мамлакатимизнинг биринчи президенти билдирган бу фикрлар бугун биз қаламга олаётган мавзу моҳиятини ҳам очиб беради. Зеро, кейинги даврларда ҳаёт ва инсон турмуши тарзида кескин ўзгаришлар юз берди. Цивилизациянинг бирламчи асоси бўлиб келган қишлоқ хўжалиги кўпгина мамлакатларда ўз ҳукмрон мавқеини йўқотди. Бугун дунёдаги ўндан ортиқрок мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳолининг атиги 15 фоизи мазкур тармоқларда банд. Дунё тараққиёти тарихида инсоният биринчи марта, таъбир жоиз бўлса ўз елкасидан қишлоқ хўжалиги бўйинтуруғини улоқтириб ташлади, қўл меҳнатининг машаққатидан ҳалос бўлди. Жаҳонда хизмат кўрсатиш иқтисодиёти пайдо бўлди. Ривожланган мамлакатлар (Швеция, Буюк Британия, Бельгия, Канада, Нидерландия ва ҳакозо) бу йўлга тезкор қадам қўйишди. Аниқроқ айтганда, қишлоқ хўжалиги инсоният тарихида ўн минг йил ҳукмронлик қилди, икки-уч асрча индустриал ҳукмронликни бошдан кечирди. Энди эса янги цивилизация – ахборий жамият остонасида турибди.

Америкалик олим Эльвин Тоффлер ўзининг “Учинчи тўлқин” асарида инсоният тарихда икки тамаддун билан юзлашганини, яъни ўзгаришларнинг икки улкан тўлқинини бошидан кечирганлигини айтади. Ўзгаришларнинг биринчи тўлқини – қишлоқ хўжалиги инқилоби бўлди. У минг йил умр кўрди. Иккинчи тўлқин – саноат цивилизацияси бўлиб, атиги уч юз йил ҳукмронлик қилди. Эльвин Тоффлернинг башорат қилишича, келажакда техникавий тараққиёт янада кучаяди ва оқибатда супериндустриал жамият шаклланади. Инсоният бошидан яна бир ўзгаришлар тўфони, учинчи тўлқин – (янги цивилизация) супериндустриал жамиятни кечиришини ҳам айтади у.

Бугунга келиб, тарих янада илдам тезланишлар шоҳиди бўлмокда. Тоффлер “Учинчи тўлқин” асарида биринчи тўлқин даврини милоддан аввал тахминан 8 минг йил муқаддам бошланган ва у ер юзида тахминан милодий 1650–1750 йилларгача якка ҳукмронлик қилган ҳодиса сифатида кўриб чиқади. XVII-XVIII асрларга келиб эса унинг ҳаракатчанлиги сусайганлигини ва иккинчи тўлқин борган сари қудрат касб эта бошлаганлигини айтади. “Айнан шу иккинчи тўлқин ҳосиласи бўлмиш индустриал цивилизация сайёрамизда устувор мавқени эгаллай борди ва охирида у ўз ривожининг энг юқори чўққисига кўтарилди” – дейди олим ва бурилишнинг тарихан бу сўнгги нуқтаси Қўшма Штатларда тахминан 1955 йилдан бошланган даврга тўғри келишини ёзади. Тоффлер учинчи тўлқинни аввал Қўшма Штатларда юз берганини, ўша ўн йилликда биринчи марта “ок ёқаликлар” сони (яъни хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари) “кўк ёқаликлар” (қора меҳнат билан шуғулланувчилар) сонидан ортиб кетганлигини ҳам айтади. Кейинчалик бу тўлқин ҳар хил муддатларда бошқа мамлакатларга (жумладан, Буюк Британия, Франция, Швеция, Германия ва Японияга) ҳам етиб борди.

Ҳозирги кунда юксак технологияларга эга бўлган ҳамма мамлакатлар учинчи тўлқин билан иккинчи тўлқин ўртасидаги ихтилофларга дуч келишяти. Яъни, бугунги кунда жуда кам давлатлар ахборий жамият тузумига ўтди. Курраи заминнинг бошка бир қисмларида эса саноатлаштириш ҳамон давом этмоқда. Авваллари қишлоқ хўжалиги билан устувор равишда шуғулланиб келган бир қанча мамлакатлар эндиликда жон-жаҳдлари билан пўлат қуйиш заводлари, автомобиль, тўкимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, шунингдек темир йўллар қурмоқда. Тоффлар иккинчи тўлқин деб атаган мазкур цивилизация ҳали ўз кучини узил-кесил йўқотиб бўлгани йўқ. Бироқ, ахборий жамият кириб кела бошлади. Айниқса, интернетнинг тобора оммавийлашиши унинг кириб келишини тезлаштирмоқда. Қай бир давлат бу жамият тузумига қанчалик чуқур кириб борган бўлса, демак, унинг шунчалик ривожланганлик белгисини билдиради. Лекин, шу ўринда яна бир масала олимларни ўйлантириб турибди. Турли мамлакатлар ахборий жамиятга турли даврда ўтади, яъни, бири – олдинроқ, бири – кейинроқ. Афсус, бундай тафоввут салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Чунки, ахборий жамиятга олдинроқ ўтган давлат ўзидан қолоқроқ давлат устидан ҳукмронлик қилиш ҳаракатига туша бошлайди. Бу эса ўз-ўзидан уларда мафкура ва маданиятларнинг интеграциялашувига, баъзи миллий мафкура ва маданиятнинг йўқолишига ҳам сабаб бўлади.

Сўнгги йилларда сиёсатшунослар томонидан халқаро миқёсдаги мавжуд можаролар ва зиддиятлар моҳиятини аниқлаш борасида муайян илмий кузатишлар олиб борилмоқда. Уларда катта қизиқиш уйғотган Америка сиёсатшуноси Самуэл Хантингтоннинг “Маданиятлар тўқнашуви” номли асари бўлди. Асарда зиддиятлар эндиликда давлатлараро эмас, маданиятлар ўртасида кечиши ҳақида фикр юритилади. Олим келажакда дунёдаги вазият еттита ёки саккизта маданиятларга боғлиқ бўлиб қолади, дея башорат қилади ва ғарбий маданият, конфуцион, япон, ислом, ҳинди, славян, Лотин Америкаси ҳамда эҳтимол тарзда Африка маданиятларини санаб ўтади. Муаллиф ўз қарашларида конфликт(зиддият)лар ривожини, уларнинг ўзаро қарама-қаршилик хусусиятлари моҳиятини методологик (услубий) жиҳатдан асослашга ҳам уринади. Албатта, олимнинг баъзи таҳлилий фикрлари билан қўшилиб бўлмайди. У исломни ғарб учун катта таҳдид солувчи йирик маданият сифатида қарайди ва бу таҳдидларни маданиятларга қарши туриш йўли билан бартараф этишни таклиф этади. 

Шунинг учун, бизнингча, С. Хантингтоннинг бу фикрлари унчалик ҳам тўғри эмас. Чунки, зиддиятлар негизига чуқуррок қарайдиган бўлсак, мавжуд муаммолар маданият хилма-хиллигига эмас, балки, инсон зотининг халқаро миқёсда гегемон(ҳукмрон)лик қилиш кайфияти билан боғлиқ. Муаммолар эса айрим миллатларда бошқа миллатлар устидан устувор бўлиш, зўравонлик қилиш туйғуси билан шаклланади. Бундай кайфиятдаги миллатда, шубҳасиз милитар руҳ кучаяди. Милитар мафкура сўнгра сиёсатга айланади. Германия, Япония, Россия халқи тарихидан маълумки, милитар сиёсат нафақат бошка халқлар учун, балки шу ғояни мафкурага айлантирган халқнинг ўзи учун ҳам ҳалокатлидир.

Бугунги кунда ахборот даври мафкураси ҳақида турлича қараш ва назариялар бор. Баъзи олимлар ахборий жамиятда дунё бўйича яхлит универсал мафкура бўлади деса, бошқалари дунё бўйича бир нечта динларга боғлиқ мафкуралар вужудга келади, деб башорат қилмоқдалар. Яна баъзилари – дунёда кўпгина миллий мафкуралар бўлади дейишса, баъзилари умуман мафкура бўлмайди, деб ҳам тахмин қилишмоқда. Дунё бўйича ягона мафкура бўлиши – замонавий ахборот технологиялари ҳукмронлиги ва турли халқларнинг турмуш тарзи бир хилда бўлиши билан изоҳланади.

Эльвин Тоффлер янги жамиятга хос бўлган олтита хусусият (принцип)ни кўрсатиб ўтади. Уларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ бўлиб, ҳаётнинг барча жабҳаларида акс этади: стандартлаштириш; ихтисослашиш; синхронлаштириш; концентрация; катталаштириш; марказлашиш.

Лекин бу жараёнларни Тоффлер салбий баҳолайди. Унинг фикрича, учинчи тўлқин одамлари ана шу принципларга қарши курашади. Чунки, бу принциплар бир-бирини кучайтирган ҳолда муқаррар тарзда бюрократиянинг ўсишига олиб боради ва улар энг йирик, энг бағритош, энг қудратли бюрократик ташкилотларни вужудга келтиради.

Тоффлер башорат қилган жараён куртакларини бугунги кунда хам кўриш мумкин. Масалан, ҳозирги цивилизация – саноат даври маҳсули. Саноат эса бу техника дегани. Ахборий жамият ҳам айнан саноат туфайли вужудга келган. Саноат бора-бора ахборий жамиятни такозо этди. Демак, кўриниб турибдики, улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

Биз ҳамма жойда ишлаб чиқаришнинг асосий принциплари мавжудлигини кўриб турибмиз. Индустриал жамоалар мутлақо бир хил миллионлаб маҳсулотлар ишлаб чиқаряти. Бу жараённи ҳатто оммавий ахборот воситаларида ҳам илғаяпмиз. Яъни, фабрика миллионлаб кишилар учун катта миқдорда бир хил буюм ясаб ташлаганидай, оммавий ахборот воситалари ҳам миллионлаб одамларнинг мияси учун бир қолипдаги ахборотларни керагича чиқариб ётибди. Бу келажакда ҳатто ахборотлар ҳам стандартлашиб бораверади дегани. Бошқача айтганда, оммавий тарзда тайёрланган, стандарт ахборотлар стандарт маҳсулотлар эгизакларидай гап.

Шундай қилиб, пировардида ахборий жамият – инфосфера майдонга келади. Бу – алоқа каналларидир. Улар ёрдамида индивидуал ва оммавий маълумотлар худди хом ашё ва товарлар каби самарали тақсимланади. Натижада инфосфера техносфера ва ижтимоий соҳалар билан уйғунлашиб кетади. Аслини олганда бу жараён бугунги кунда аллақачон бошланиб бўлган ҳам. Стандартлаштириш принципи кундалик ҳаётнинг барча соҳаларига, хусусан оммавий ахборот воситаларига ўз муҳрини босиб улгурган, дейиш мумкин. Миллионлаб одамлар айнан бир хил рекламани кўрадиган, ўқийдиган, айнан бир хил янгиликлар ва ҳикояларни эшитадиган бўлиб қолдилар. Булар келажакда биз ахборот жамияти деб атаётган жамиятнинг ижтимоий онги, мафкураси, муносабатлари ва маданиятига таъсир қилмай қолмайди.

Зотан, умумий мафкура, умумий маданият охир-оқибатда миллий қадриятлар ва миллий маънавиятлар емирилишига сабаб бўлиши муқаррар. Ҳарқандай “инқилоб” одамлар ҳаётига қандайдир янгиликлар олиб кириши, одамларни нотаниш ва кўникмасиз вазиятларга рўпарў қилиши мумкин бўлганидек, туғилиб келаётган янги цивилизация ҳам ўзи билан бирга янгича дунёқараш, янгича муносабатлар, янгича турмуш тарзи, янгича иқтисодиёт ҳамда янги сиёсий ихтилофлар олиб келади. Тушунчалар, қарашлар, мафкуралар, ғоялар, қадриятлар, маданиятлар ўзгаради. Лекин, бизнинг назаримизда, ҳар бир миллат ўз менталитети, ўз тарихи, ўз табиий жўғрофий шароити ва манфаатларига мос бўлган ўз давлатчилиги, ўз турмуш тарзи, ўз мафкураси ҳамда маданиятини учинчи босқич – ахборий жамиятда ҳам асраб, ривожлантириб боришга интилиб яшаши керак.

Ойдин Саъдуллаева, ЎзДЖТУ ўқитувчиси

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.