Буюк бобомиз Алишер Навоийнинг ҳаёти, асарлари ўқувчиларимиз учун катта ибрат бўлиш билан бирга биз педагоглар учун ҳам катта сабоқдир. Аллаоманинг асарларини ўқиб ўрганганимиз сари янги- янги ғоялар туғилади
Дарсларимда алломалар ҳақида мунтазам гапириб бераман. Масалан, Алишер исмли ўқувчим билан бирга “Алишер, болажоним, буюк адашинг ҳақида нималарни биласан?” мавзусида дарс ўтганман. Ушбу дарсни Алишернинг ўзи билан тайёрладим. Ва у машғулот бошловчиси бўлди. Машғулот бошқача тарзда ўтганлиги сабабли ўқувчиларим қунт билан тинглашди ва Алишернинг саволлари орқали улар ҳам фаол қатнашдилар.
Бу йилги таввалуд кунига эса, уйдан олиб келган китобларимни шогирдларим билан ўқиб, фикрлашиб, маслаҳатлашиб биргаликда тайёрладик. Ўқувчилардан фикр сўраганим, маслаҳатлашганим уларни руҳлантирди.
Ҳар бири мавзуни ўзи учун ўзи танлади. Бу гал уч нафар ўқувчи бошловчи бўлишди. Саволни ҳам ўзлари тузишди, жавобни ҳам ўзлари топишди. Масалан бири шундай савол берди: Алишер Навоийнинг ҳайкали Тошкентдаги қайси боғда жойлашган? У ҳақида гапириб берингчи. Агар синф ўқувчилари саволга жавоб бера олмаса, савол тузган боланинг ўзи жавоб беради. Уларнинг қизиқишини кўриб, мен ҳам қувондим. Нега десангиз ўқувчиларимда китобга ҳавас, буюк алламоларимизга меҳр-муҳаббат уйғота олдим дея ўйлаб, ўз ишимдан мамнун бўлдим.
Зумрад Йўлдашева,
Урганч туманидаги 36-сон умумтаълим мактаби
бошланғич синф ўқитувчиси