Леся Украинка асарлари шоира Зулфия таржимасида

0
1567
марта кўрилган.

Бугун устоз Зулфияхоним таваллуд топган кун! Ўзбек халқининг севимли шоираси Зулфияхонимнинг шеърларини ўқисангиз у қалбларга қўшиқдек оқиб киради. Таржималаричи? Унданда гўзал! Устознинг  биргина  Леся Украинка асарлари таржимасини ўқиб бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Устознинг охирати обод бўлсин!

Лариса Петровна Косач (адабий тахаллуси – Леся Украинка) 1871 йил 25 февралда Новгород-Волинскда зиёли оиласида туғилган. 1893 йили биринчи тўплами– “Қўшиқлар қанотида” нашр этилган. Бунга Қримда даволаниб юрганида ёзган “Қрим хотиралари” туркумидаги шеърлари кирган.

Леся Украинка гўзал, эркпарвар, озодликка чорловчи асарлари билан фақатгина украин адабиётида эмас, балки бутун жаҳон адабиётида машҳур. Шоира ўз асарларида Украинанинг кенг далаларини, табиатини, оддий меҳнаткаш халқини тўлиб тошиб куйлади. Шунингдек, унинг асарларида ўзи саёҳатга борган, маълум муддат яшаган итальян, немис халқининг, жумладан ишчиларининг хароба кулбаларини,  Миср деҳқонларининг заҳматли ҳаётини, тарихини кўрамиз. Адиба оддий меҳнаткаш халқларнинг ҳаётига ачинибгина қолмай, уларнинг келажагига, истиқболига ишонч билан қаради. У халқларнинг бирлигида, аҳиллигида, тинчлигида катта ҳақиқат, эзгулик борлигига ишонди. Барча халқларнинг дардини  ўзиникидек била олди. У бутун ҳаётига, ижодига ана шу қадриятларни сингдирди.

Шунинг учун ҳам унинг асарлари фақат украин халқигагина эмас, бутун жаҳон халқларининг юрагига яқин ва азиз туюлади.

Шоиранинг асарлари ўзи ҳаётлигидаёқ жаҳон тилларида янграй бошлаган эди. 1890-йилданоқ,  рус, чех, поляк матбуотида ўзининг бир қанча мақолалари билан бевосита қатнаша бошлади. Унинг асарларини немис китобхонлари 1916 йил, америкаликлар 1917 йилдаёқ ўз тилларида ўқиган эдилар.

Шоира Зулфиянинг ҳаёти қанчалик  жасоратларга бой тарзда ўтган бўлса, украин халқининг шоираси Леся Украинканинг ҳаёти ва адабиёт оламидаги изланишлари ҳам ана шундай кечган. Бизнинг мамлакатимизда Зулфия номидаги Давлат мукофоти бўлса, Украинада ҳам Леся Украинка номида болаларга атаб ёзилган асарлар учун Давлат мукофоти мавжуд.

Шоира асарларини ўзбек китобхонларига етказишда ўзбек адибларидан 14 киши иштирок этди. Улар томонидан “Мағораларда” драматик поэмаси, “Бир сўз”, “Улкан баҳодир ҳақида эртак” поэмалари ва 50 яқин шеърлари ўзбек тилига рус тилидан таржима қилинди. Ўзбек халқининг машҳур шоираси Зулфия Украинканинг 25 та шеърини ўзбек  тилига ўгирган. Леся Украинка асарларининг ўзбек тилига ўгирилган энг гўзал таржималари шоира Зулфия қаламига мансуб десак арзийди.

Устоз Зулфия ўз таржимасида аслиятнинг мазмунини бериш билан бирга шеърнинг шаклига ҳам катта эътибор қилган. Аслиятнинг руҳини, оҳанггини, бутун жозибасини, ритмини беролган. Шоира Зулфия Украинка шеърларини ўзбек тилига бармоқ вазнида таржима қилган. Шунингдек, иккита оқ шеърини ҳам бармоқ вазнида ўгирган. Лекин у бармоқ вазнидаям шу оҳангни беришга эришган. Оқ шеър ҳозирги пайтда бизнинг поэзиямизга ҳам кириб келган. У шеърий шаклда кўпгина асарлар яратилган. Шоира Зулфия ҳам бу шаклда таржима қилиши мумкин эди. У ўзбек халқининг дилига яқин бўлган бармоқ вазнини танлаган.

Шоира Зулфиянинг санъаткорона таржима қилган шеърларидан биттаси бу “Умид”дир. Унда мазмун билан шакл уйғунлигини кўрамиз. Оригинал силлабик шеър шаклида ёзилган. Бу шеърий услуб хусусияти жиҳатдан ўзбек адабиётидаги бармоқ вазнига яқинроқ туради. Силлабик шеър мисралардаги ҳижоларнинг тенг миқдорда бўлишига аососланади. Мисралар жуфт-жуфт қофияланади, яъни ўзбек тилидаги маснавий кабидир. Кўпинча, қофия икки бўғунли бўлиб, урғу иккинчи ҳижода бўлади. Бундай қофия рус шеъриятида женская рифма дейилади: —  а) шеърнинг ҳар мисраси ўн бир бўғиндан иборат; б) урғулар сони ҳар мисрада тўртта; в) маснавийдек қофияланган, г) доимий туроқ 5 ёки 6 бўғиндан кейин келади, д) ҳар бир мисра тўрт қисмга бўлинади, яъни тўртта пауза.

                     Ни доли/ ни воли/ судьбой/ не дано,

                     Одной лишь/ надеждой/ мне жить/ суждено.

                              Увидеть/ опять/ Украину/ мою/

                              И все,/ что мне любо/в родимом краю/.

Таржимада: а) бўғинлар сони аслиятдагидек 11 (6-5); б) аслиятдагидек жуфт қофияланган; в) доимий туроқ аслиятдагидек 6 бўғиндан кейин келади; г) ҳатто ҳар мисрадаги тўртта паузани ҳам акс эттира олган.

                     На толе/ на хўрлик/ бермади/ ҳаёт/,

                     Фақат/ умид билан/ яшайман,/ ҳайҳот/.

                     Гўзал/ Украинам/ эрк олса/ яна/,

                     Азиз, шўрлик/ халқим,/ қилса/ тантана/

                     Мовий/ Днепрга/ тўймайин/ боқсам/,

                     Ўлсам ҳам/ мавжида/ солланиб/ оқсам/.

Ҳатто, таржимон кўпчилик мисраларда қофияни рус тилидагидек 2 бўғиндан иборат қилишга эришган. Булар Украинка шеъриятининг руҳини, ритмини беришга жуда мос келган. Мисрадаги туроқларнинг бир хиллигидан ташқари оҳангдош сўзларни қўллагани ютуқни таъминлаган. Ўзбекчадаги “на” русчадаги “ни”га, “доли” – “толе”га уйғун келган.                                         

Таржимоннинг аслият руҳини, мазмунини уйғунлаштириб жуда маҳорат билан ифодалай олганлигини “Марварид ёшлар” туркумидаги “Оҳ, ўлкам!” – “О милая родина” шеърида ҳам кўриш мумкин. Шоира бу шеърида занжир ичида инграётган Украинасини ачиниб, ёниб куйлайди.

                            О милая родина! Край мой желанный!

                            Зачем все умолкло в тебе, онемело?

                            Лишь пташка в лесу отзовётся несмело,

                            Предчувствуя бури порыв ураганный,             

                            И снова умолкнёт. Как глухо, как тихо!

                                                         Ой лихо!

                            Ой, где же ты воля? Звездой неприметной

                            Зачем не сойдёшь ты с дороги воздушной?

                            Порадовать землю нечастную нужно!

                            Ты видишь: все скрыто здесь ты мой беспросветной.                        

                            И правда бессильна с неправдою в споре.

                                                         Ой, горе!

                            О бедный народ мой! Страдая невинно,

                            В целях мои братья почти бездыханны.

                            Увы, незажившие страшные раны

                            Горят на груди у тебя, Украина!

                            Кто тяжкое иго разбит нам поможет?

                                                         Ой, боже!

                            Когда же это минет? Иль счастья не стало?

                            Проклятье рукам, онемевшим в бессилье!

                            Зачем и родиться, чтоб жить как в могиле?

                            Уж лучше б смертельною мглою застало

                            Печальные очи, чем жить нам в позоре!

                                                         Ой, горе!

Таржимон, ҳатто, тасдиқланиб қофияланган ҳар банднинг олтинчи мисрасини худди аслиятдагидек катта ҳаяжон билан ифодалаган.

                            Оҳ, ўлкам бепоён далалар юрти,

                            Нечун ҳамма ёққа чўкмиш сукунат?

                            Нечун гулдиракни кутгандай худди

                            Мунғайган ўрмонда чирқираб фақат

                            Қушлар жим бўлади… туман ҳукмрон?

                                                         Ҳолимиз ёмон!..

                            Сен қайда, эй кўкнинг юлдузи – ҳурлик,

                            Осмонингдан пасга тушмайсан нечун?

                            Эркин нондай кутиб бизнинг ер шўрлик

                            Қийналди… ва ҳамон қуюқлашиб тун

                            Ҳақиқатла яккаш риё  қилар жанг,

                                                         Аҳволимиз танг.

                            Бутун халқ, оилам, онам ва иним

                            Занжирда инграйди суяги қақшаб,

                            Украинам тани тилим ва дилим,

                            Яллиғланиб ёнади оловга ўхшаб.

                            Занжирни узишга мадад берар ким!

                                                         Билмайман, тангрим!

                            Толе шундай бўлур, ё кулар тақдир?

                            Бу заиф қўлларга минг ва минг лаънат!

                            Нега қабр ичра туғилдик ахир,

                            Наҳот қуллик бордир қисматда фақат?

                            Гар шундай бўлса биз ўлмакка ҳозир…

                                                         Нақадар оғир!..

Таржимоннинг маҳорат билан санъаткорона ўгирганини “Куйларим” (Слово мое, почему ты не стало) шеърида ҳам кўриш мумкин.

Таржимада мазмун билан шакл бирлигини “Оқшомдаги соатда” (“Вечерний час”), Гоҳ шундай (Порою, едва лишь примусь за работу), “Ўтган баҳор” (Давная весна) каби шеърларда ҳам кўриш мумкин.

Шоира ўтган баҳор шеърида баҳор қувончларииинг гўзал манзараларини моҳирона чизгиларда акс эттиради:

                   Была весна веселой, милой,

                   Лучом играла рассыпала цвет.

                   Она летала с быстротой стокрылой,

                   И птицы певчие за нею вслед.

 Таржимада:

                            Баҳор эди, чақноқ, сахий ва латиф,

                            Нур торида ўйнаб, гул сочди чексиз.

                            Нақ минг қанотлидай учди айланиб,

                            Сайроқ эркин қушлар келди изма-из.

Шоира Зулфия ўз таржимасида Леся Украинка шеърларида нечта бўғин ва қанча сўз қўллаган бўлса, таржимада ҳам ана шундай миқдорда бўғин ва  сўз қўллашга ҳаракат қилгани сезилиб турибди. Ҳатто, сўзлар орасидаги паузаларга ҳам эътибор қилган:

                            Прочь/ осенние/ думы/ седые/

                            Нынчи/ время/ весны/ золотой

 

                            Бас/ тарқалинг,/ оғир/ хаёллар/

                            Ер юзида/ яшнади/ кўклам/.

 Хуллас, шоира Зулфия таржималари энг гўзал ижод намуналаридан саналади. Аслият руҳини, оҳанггини, ритмини мазмун билан уйғунлаштиришга эришолган.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.