Тилнинг софлигини асраш – бурчимиз!

0
912
марта кўрилган.

Тил азалдан халқнинг миллий бойлиги  бўлиб, унга эътибор – элга эътиборга тенглаштирилган. У миллатнинг кўзгуси вазифасини бажарган.  Бугунги глобаллашув жараёни, ахборот технологиялари тараққиёти даврида тилнинг софлигини сақлаш, уни миллий бойлик сифатида асраб-авайлаш масаласи долзарб вазифага айланди.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2019 йил 21 октябрдаги  ПФ-5850-сонли Фармонида бу борада олдимизда турган устувор масалалар белгилаб берилди. Хусусан, мазкур Фармон билан Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ташкил этилди. Давлат тилини ривожлантириш,ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг  давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек,  уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш каби масалалар Департаментнинг асосий вазифалари сифатида белгилаб берилди.

 Ушбу Фармон ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 20 январдаги 34-сонли Қарори билан давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмаларида раҳбарнинг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди ҳамда мақомига кўра раҳбар ўринбосарига тенглаштирилди. 

 Эндиликда ушбу тизим ходимлари олдида Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунларнинг ижросини таъминлаш масаласи устувор вазифа ҳисобланади.

 Жорий йилнинг 9 март куни Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги камчиликлар тилга олинди, республика бўйича 300 дан зиёд қишлоқ ва маҳаллаларнинг, 400 га яқин кўчаларнинг  эски,  бирор мантиқсиз, тушунарсиз номлари ҳалигача сақланиб қолаётгани танқид қилинди. Жамоат жойлари, кўчалар, бинолар пештоқида, турли лавҳа ва рекламаларни кўпинча бошқа тилларда ёки мантиқсиз акс эттириш ҳолатлари  учраётганлиги таъкидланди. Янги ташкил қилинган Департамент ходимлари олдига бу борадаги ишларни назоратга олиш, мувофиқлаштириш ва муаммоларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

 Бугунги кунда Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳузурида “Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссия” фаолияти йўлга қўйилган. Эндиликда ушбу комиссия олдида янги кўчаларни номлаш масаласи асосий вазифалардан биридир. Хоразм вилоят Ер тузиш ва кўчмас мулк давлат кадастри томонидан Урганч шаҳар филиали олдига шаҳардаги кўчаларни хатловдан ўтказиш, янги кўчаларни номлаш бўйича таклифларни тайёрлаш вазифаси қўйилди. Бу ишга топономия соҳасидаги олимларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

 Бугун бизнинг олдимизга ўзбек тилининг бой имкониятларидан фойдаланиб, юртимизда давлат тилини ривожлантириш масаласи улуғвор вазифа бўлиб турибди. Зеро, тилнинг софлигини асраш, уни келгуси авлодларга бор жозибаси билан етказиш – бизнинг бурчимиздир.

Сайёра Самандарова,  Урганч шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси, филология фанлари номзоди, доцент   

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.