Мамлакатимизда  ҳам коронавирусга  чалинган беморлар сони  кун сайин ортиб бормоқда. Уйда қолинг,  оила даврасида  завқланиб яшашга ўрганинг!

0
393
марта кўрилган.

 Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг таъкидлашича, бугун  коронавирус инфекцияси қайд этилиши ҳолатлари 16 нафар бўлиб, жами беморлар 104 нафарни ташкил этмоқда.

Ушбу инфекцияни юқтириб олганларнинг 2 нафари Фарғона вилоятида, яна 2 нафари Хоразмда ва бир нафари Тошкент шаҳрида қайд қилингани тасдиқланди.

Бундан ташқари, янги аниқланган ҳолатларнинг 6 нафари 26 март куни Москва–Тошкент чартер рейси орқали олиб келинган ва карантинга олинганлар орасидан чиқди. Яна  7 нафари 26 март куни Истанбул–Тошкент чартер рейси орқали олиб келинган ва карантинга олинганлар орасидан ҳамда 3 нафари беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасидан аниқланган.

 Шунингдек, бугун  1 нафар эркак беморда ўлим ҳолати қайд этилди. “Дунё”  сайтининг таъкидлашича,  у доктор бўлиб, ўзини уйда даволамоқчи бўлган. Касални яширсанг иситмаси ошкора қилади, дегани шуда.

Азизлар ўзингизни ва оилангизни асранг! Карантин давридаги тартибга риоя қилинг. 

 Айни кунда ҳаёт синовларига қарши туришда ўзингизда куч топа билинг! Бугунги оила даврасидаги ҳолатингиздан баҳра олинг, завқланиб, ўйнаб — кулиб, севиниб яшай билинг. Фарзандларингиз билан бирга жисмоний машқларни бажаринг. ТВнинг “Наво” каналини  қўйиб, гўзал мусиқага рақсга тушинг. Жажжилар билан қизиқарли китоб ўқинг. Оила аъзоларингизни мазали таомлар билан сийланг. Ахир уйда пишган таомга нима етсин!

 Бугун ўғлим набираларим билан ўтириб оддий баклашкадан кема ясади.  Уларни кузатиб туриб мўъжазгина  қўлбола кемага қараб завқланиб кетдим, “бунақа қобилиятинг ҳам борлигини билмас эканман” дедим беихтиёр. “Онагинам излаган имкон топади”, деди у ҳам ҳозиржавоблик билан… Бир пайт қарасам, невараларим  уни бузиб қайтадан ясашга интилишаяпти.

“Лазги“ рақсини қўйган эдим, бари рақсга тушиб кетди. “Ходинок”да ўтирган етти ойлик неварамнинг  музиқадан завқланишига, акаларига қараб рақсга тушаётган муқомларига янада севиндим.

Ҳаётда ҳамма нарса ўткинчи, бугунги синовли кунларда ваҳимага қилманг, кайфиятни туширманг, сабр қилинг, чунки тундан кейин тонг келади. Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёруғ дейди элимиз одамлари. Энг асосийси уйда қолиб, бўш вақтингизни мазмунли ўтказиб,  завқланиб яшанг.  Оллоҳга имон келтириб, яхшилик ила яшаётган руҳияти баланд бўлган одамга дард юқмайди, дея умид билан эзгу тилаклар билдириб қоламан.

Азизларим уйда қолиб, завқланиб яшашга ўрганинг.

Раъно ЗАРИПОВА,  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.