Коронавирус пандемияси дунёнинг деярли барча давлатларига таҳдид солиб турган бир пайтда, юртимизда ушбу хасталикдан тузалганларнинг сафи кенгайиб бораётгани эътиборга молик, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими вазирлик сайтида: minzdrav.uz .
Мамлакатимизда коронавурис балосининг олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ва фидоий шифокорларнинг саъй-ҳаракати туфайли коронавирус инфекциясига чалинган беморлар навбатма-навбат дарддан фориғ бўлаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Кечаги кунга коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалишди. Уларнинг 12 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиқишди.
Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.
Коронавирус инфекцияси хасталигидан тузалган фуқароларимизнинг 1 нафари жорий йил 13 март куни Истанбул – Тошкент йўналишидаги рейсда, яна 1 нафари эса шу йил 18 март куни Москва – Тошкент йўналишидаги рейс билан мамлакатимизга келган. Қолган 11 нафар киши эса коронивирус инфекциясига чалинган фуқаролар билан мулоқотда бўлишган. Айни пайтда юртимизда коронавирус инфекциясидан жами соғайганлар 25 нафарга етди.
Табиийки, ушбу қувончли воқеа замирида фидойи ва малакали тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси бор. Коронавирус инфекциясининг дунё бўйлаб шиддат билан тарқалаётган бир пайтда, юртимиз шифокорлари саросимига тушмасдан, ўз қасамёдларига содиқ ҳолда пандемия билан курашишдек катта масъулиятни зиммаларига олишди. Бор билим ва тажрибасини ишга солган ҳолда қаҳрамонларча коронавирус балосига қарши курашишга киришдилар ва самарали натижаларга ҳам эришмоқдалар.
Азизлар юртдошлар, уйда қолинг! Ўзингизни ва оилангизни асранг. Бу билан юртимиз одамларининг ва бутун жаҳон аҳлининг соғлигини авайлаган бўласиз, коронавирус инфекцияси кўпайишини олдини олишга муносиб ҳисса қўшасиз.