Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шу йилнинг 15 март куни юртимизда коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олишда кўрилаётган чоралар тўғрисида объектив ва ишончли маълумот билан таъминлаш, аҳолини қизиқтирган саволларига жавоб бериб бориш мақсадида 1003 қисқа рақамли Call-маркази ишга туширилган эди.
Мазкур қисқа рақамли орқали бугунги кунда аҳоли ўзини қизиқтираётган саволларига тиббиёт соҳасининг малакали ходимлари томонидан жавоблар олмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътибордан четда қолмаслиги, уларни ишончли маълумотлар билан таъминлаш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда.
Call-марказ туну кун фаолият кўрсатмоқда. Унда 200 нафардан ортиқ профессор ўқитувчилар, шифокорлар уч сменада узлуксиз фуқароларнинг мурожаатларига жавоб беришмоқда.
Жорий йилнинг 15 март куни соат 21:00 да ишга тушган Call-марказга бугун, 11 апрель соат 15:00 гача 650 мингдан зиёд қўнғироқ келиб тушган. 10 апрелни ўзида эса операторлар 10 734 та мурожаатга тиббий асосланган жавоблар беришган. Энг кўп берилаётган саволлар орасида касаллик белгилари қандайлиги ҳақидаги саволлар ҳалигача долзарблигини йўқотмаяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.