Мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан  140 нафар бемор тўлиқ соғайди.

0
97
марта кўрилган.

Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган хавотирли вазиятда одамларни қувонтирадиган, беморларга ишонч бахш этадиган хайрли хабарлар ҳам бор.

Юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ушбу инфекцияга чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани ўз самарасини кўрсата бошлади

Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан 16 апрель куни 20 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган эди.

Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бир нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайган 33 ёшли бемор жорий йил 22 март куни чартер рейс орқали Россиядан Хоразмга келган ва карантинга олинган эди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 2 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 3 нафарга етди.

Тошкент шаҳридаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган 1 нафар бемор буткул соғайди. У Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган бемор 70 ёшда бўлиб, Тошкент шаҳрида яшайди. У мулоқот орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Шундай қилиб, ушбу клиникада ҳозирга қадар дарддан фориғ бўлганлар 11 нафарга етди.

Сўнгги кунларда коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг кетма-кет дарддни енгишаётгани шифокорларимизни янада руҳлантириб, матонат билан курашишларига туртки бўлмоқда.

Ушбу кўтаринкилик юртимиз бўйлаб коронавирусга чалинган фуқароларимиз даволанаётган барча тиббиёт муассасаларидаги ходимларнинг янада ишонч билан фаолият юритишларига замин яратмоқда.

Бухоро. 17 апрель. Ушбу ижобий жараёнларнинг самараси ўлароқ,  Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 11 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Соғайганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар 28 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 39 нафарга етди.

Энг муҳими, соғлиқни сақлаш соҳасида кейинги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, тиббиёт муассасаларида барча зарур шароитларнинг яратилгани, малакали кадрлар билан таъминланганлиги коронавирус пандемиясига қарши тезкор ва самарали курашишнинг асосий омили бўлмоқда.

Айни пайтгача мамлакатимизда коронавирус инфекциясидан  140 нафар бемор тўлиқ соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарлари асосида тайёрланди.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.