Ҳуқуқий мавзуига оид онлайн суҳбат

0
178
марта кўрилган.

АОКА ҳузуридаги штабда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида ўтказилган брифингда ҳуқуқий мавзуига оид кўплаб саволларга жавоблар олинди. 

Савол: Фуқаролик паспортимнинг амал қилиш муддати тугади. Уни карантин тугагач, алмаштирсам бўладими? Агар алмаштирмасам, жаримага тортиламанми?

Жавоб: Карантин даврида муддати тугайдиган рухсат бериш хусусиятига эга бўлган барча ҳужжатлар (лицензия ва рухсатномалар) ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг (фуқаролик паспорти, Ўзбекистонда яшаш рухсатномаси), автотранспорт воситалари учун талаб қилинадиган ҳужжатлар (суғурта полиси, транспортни бошқариш учун ишончнома, транспорт воситасини (қайта рўйхатдан ўтказганликни ҳамда техник кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар) амал қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилади. Уларнинг муддати ўтганлиги муносабати билан жавобгарлик ва бошқа чоралар қўлланилмайди.

Савол: Нодавлат тиббий ташкилот раҳбариман. Биз коронавирус инфекциясини текшириш бўйича пуллик хизмат кўрсатишимиз мумкинми? Агар мумкин бўлса, кимга мурожаат қилишимиз керак?

Жавоб: Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларга риоя қилган ҳолда, ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лаборатор текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилади.

Шунга кўра, ҳудуддий санитария эпидемиологик осойишталиги марказларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Савол: Ипотека бўйича ҳозир нотариусларга мурожаат қилсам бўладими? Карантин вақтида уларга ҳужжатларни қандай бериш лозим?

Жавоб: Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан, 2020 йилнинг 25 мартидан бошлаб Нотариусларга мурожаат қилиш фақат кечиктириб бўлмайдиган зарурият юзага келганда: васиятнома, ишончнома,  гаровлар учун ипотека бўйича e-notarius.uz сайти орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбатга ёзилиш орқали амалга оширилади.

Савол: Мен ёлғиз, қаровчисиз нафақадаги кекса аёлман. Ёлғиз, парваришга муҳтож шахсларга айрим гигиена маҳсулотлари берилади, деб эшитдим. Шу тўғрими ва улар бепул бериладими?

Жавоб: Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, карантин тадбирлари даврида ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларга ҳар ой бепул бериладиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари (15 хил турдаги) билан биргаликда қуйидаги воситалар  маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади:

🔸бир марта ишлатиладиган стерил ниқоблар (10 дона);
🔸 бир марта ишлатиладиган стерил қўлқоплар (10 дона);
🔸 антисептик воситалар (2 дона ҳажми 250 мл дан, таркибида алкоголь даражаси камида 60 фоиз бўлган суюқ ёки гелий антисептик);
🔸 бактерияга қарши совунлар (2 дона, ҳажми 0,1 кг дан) жамланмаси.

Уйда қолинг! Мутолани янада кучайтиринг! Шифокорлар,  тадбиркорлар қаторида ОАВлари ҳам Сизлар учун фаолият юритиб, оғирингизни енгил қилишга ҳаракат қиляпти.

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.