Сардоба сув омбори тўғонидан сув чиқиши тезкорлик билан тўхтатилиб, тошган сув оқими  Абай канали орқали Арнасой кўлига йўналтирилди

0
333
марта кўрилган.

 Ёмғир ёғиб, кучли шамол бўлгани сабабли 1 май куни эрталаб Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилганлиги оқибатида сув оқими аҳоли пунктлари, коммуникация тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги майдонларига катта зарар етказди, дея хабар берилади prezident. uz расмий веб- сайтида.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида юз берган фавқулодда вазият сабабли зудлик билан  Сардоба туманига етиб келди.

 Ҳукумат комиссияси ташкил этилиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ва уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилди.

Президентимиз Оқолтин туманида аҳоли билан учрашиб, офатдан жабрланган ҳар бир инсон алоҳида эътиборга олиниши, ҳамма уй-жой ва озиқ-овқат билан таъминланишини таъкидлади.

– Бу ҳеч ким кутмаган синов. Биринчи ҳаракатимиз одамларни эҳтиёт жойларга кўчириш бўлди. Энг катта масала – ўлим бўлмаслиги. Оқсоқоллар, маҳалла раислари ва нозирларидан илтимос қиламан: одамларни йиғиб, уйларга, палаткаларга жойлаштириб, озиқ-овқат билан таъминлаб, маҳаллама-маҳалла саранжом қилиб олишимиз керак. Бунинг учун ҳамма куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди

Тезкор чора-тадбирларга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, маҳаллий ҳокимликлар, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа хизматлар мутахассислари сафарбар этилди. Сув омбори яқинидаги маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Жумладан, туманларда ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, корхона ва хонадонларга жойлаштирилди. 

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги шахсий таркиби ва махсус техникалари аҳолини эвакуация қилиш ва тегишли хўжалик объектларини жиҳозлаш учун сафарбар қилинди. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудий бошқармалари эвакуацияга кўмаклашиш, тартибни сақлаш ишларига жалб этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омбори тўғони очилган жойга бориб, уни кўздан кечирди. Ҳукумат комиссияси ва мутахассислар билан муҳокама қилган ҳолда сув оқимини тўхтатиш учун зарур куч ва воситалар жалб қилинди.

Ҳозирда тўғондан сув чиқиши тўхтаган. Тошган сув оқими Оқолтин туманидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

 Президент сув оқими натижасида зарар кўрган маҳаллаларни кўздан кечирди. Давлатимиз раҳбари сув тошқинига биринчи бўлиб дуч келган Сардоба туманидаги Навоий маҳалласини бориб кўрди.

Ҳукумат комиссияси мутасаддилари амалга оширилган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.

Президентимиз маҳалла бўйлаб юриб, юзага келган аҳвол билан яқиндан танишди. Ҳудудни пухта тозалаб, дезинфекция қилиш, қатъий санитар-эпидемиологик назоратни таъминлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тез фурсатларда, лекин сифатли тиклаш бўйича топшириқлар берди.

Шавкат Мирзиёев сув чекинганидан кейин ўз маҳалласига қайтган одамлар билан мулоқотда бўлиб, талафот кўрган жойларда турмуш шароитлари тез кунларда тикланиши, аҳолига ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.

– Шундай оғир пайтда ҳаммамиз сизларнинг ёнингиздамиз. Аввало, ҳар бир маҳаллага кириб, ўт ўчириш машиналари ёрдамида сувни қочирамиз. Қурилиш, таъмирлаш  ва янги уйлар барпо этиш бўйича халқ билан маслаҳатлашиб иш тутамиз. Ҳаммасини секин-секин жойига қўямиз. Фермерларнинг масаласи ҳам даласига чиққан ҳолда ҳал этилади. Энг муҳими, ўзларингиз соғ-саломат, болаларингиз ёнингизда экан. Кўнгилни тўқ қилинглар. Худога илтижо қиламизки, бизга мададкор бўлсин, охирги кўрганимиз шу бўлсин, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Оқолтин туманидаги Шодлик маҳалласи ва Мирзаобод туманидаги Ҳақиқат маҳалласи туташ ҳудудда ҳам бўлди.

Давлатимиз раҳбари раислигида Гулистон шаҳрида мутасадди раҳбарлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда Сардоба сув омбори тўғонининг кутилмаганда очилиши ва унинг оқибатлари атрофлича таҳлил қилинди, тегишли хулосалар чиқарилди.

Аҳоли саломатлигини сақлаш, талафот кўрганларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларини тезроқ тиклаш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сардобадаги фавқулодда ҳодиса сабабли Гулистон шаҳрига эвакуация қилинган одамлар билан мулоқот қилиб, улардан кўнгил сўради. Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги, ҳаммага ғамхўрлик кўрсатилишини таъкидлади.

Ҳукумат комиссиясига берилган кўрсатмалар асосида сув босган ҳудудларни тозалаш, қурилиш ва таъмирлаш, турмуш маромини йўлга қўйиш бўйича узлуксиз иш давом этмоқда. 

Давлатимиз раҳбари 2 май тунда Тошкентга қайтиб келди.

 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.