Кавказ тоғларида Ўзбекистон туркумидан: Шукроналик

0
173
марта кўрилган.

2018 йили  Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаторийсида дам олдим. Шу билан касб кўникмаси деймизми, ноотбукимни ҳам елкалаб олгандим. У ерда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан  иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига яратилган шарт-шароитларни, имкониятларни кўриб хурсанд бўлиб, беихтиёр қўлимга қалам олдим. Уруш қаҳрамонларининг ҳар бири билан суҳбатлашиб, gujum.uz cайтига шу ернинг ўзида жойлаштирдим. Шундай қилиб «Кавказ тоғларида Ўзбекистон» туркуми  битилди.  Қуйида улардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

2018 йил, 19 август. “Ўзбекистон” санаторийсининг  ҳовлисига янги тортиб келтирилган шифобахш кавказ сувларидан ичиш мақсадида ховлига чиқдим. Сув ичиб чиқар эканман, ҳовлидаги шинамгина айвончада ўтирган фахрийлар “Журналист қизим, Раъножон, бу ёққа келинг. Дам олиш дамларида ишлаганингиз учун сизга эзгу- тилакларимизни билдириб қўяайлик” деб чақириб қолишди.

Бугун айвончага одатдагидан кўпчилик, шунингдек, барча иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари йиғилган эди. Чунки, улар бугун нонуштадан кейин аэропортга қараб йўл олишади.

 Фахрийларнинг ҳузурларига бордим. Улар бир-бир қўлини дуога очиб эзгу тилаклар билдиришди. Тушликкача даволаниб, тушликдан кейин тинимсиз ишлаганим ҳам бир пасда эсимдан чиқиб кетди.  Ишда энг асосийси халқнинг розилиги, эзгу тилаги ахир.

– Энди хайрлашув олдидан менинг ҳам бир илтимосим бор. Оғир дамларда сизларни ҳамиша руҳлантириб турган  ҳарбий қўшиқларингиздан куйлаб берсангиз, сўнгра биргалашиб “Катюша” қўшиғини эсласак”– деб сўрадим. Бу таклифни айтишга айтдим-у, ўзим бироз хижолат чекдим. Ахир бу қўшиқларни куйлашганига деярли етмиш йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса,  фахрийларимизни қийнаб қўймадиммикан деган фикр ўтди кўнглимдан.

Хавотирим беўрин чиқди. Уларни кўнглини топиб айтган эканман шекилли сўзим тугаши билан-оқ, Аҳад бобо ўз двизиясининг қўшиғини бошлаб юборди. Ундан кейин Шаққоз бобо давом эттирди. Улар бир-бирига жўр бўлишар, худди ёшлардек жарангдор овозда навбатма -навбат  куйлашаётгани барчани ҳайратлантирар эди. Жўровозли қўшиқларнинг жарангдор оҳангги бир пасда дам олиш масканини қамраб олди. Чор-атроф дам олувчиларга тўлиб кетди. Охирида жўр бўлиб “Катюша”ни куйлашди. Жарангдор қўшиқларнинг хушкайфияти барчага юқди. Беихтиёр қадимий туркийдан таржима қилганим “Қисаси Рабғузий” асаридаги Сулаймон пайғамбар ҳақидаги сатрлар кўз олдимга келди.  Сулаймон пайғамбар илоҳий китобдан қироат қилганида, хушовозига мафтун бўлиб қушлар жўр бўлишар экан. Бу гўзалликни эшитиш учун самодан фаришталар ерга энишар экан. Назаримда пайғамбар руҳи келгандек, жами фаришталар оромгоҳ осмонига йиғилиб уларга  кўкдан куч-қувват бағишлаётгандек туюлди.  

Сирдарёлик Маҳамади бобо Хўжабеков қўшиқлардан кейин мустақил Ўзбекистонимиздаги тинчликни, улуғвор ислоҳотларни, эл-юрт ободлиги, осмонимиз мусаффолигини алқаб, мамлакатимиз Президенти ҳақига шеърий қасида ўқиб эзгу-тилаклар билдиргани  охирида мени ҳам қўшиб дуо қилганида шунчалар хурсанд бўлдимки, касбимга, элимга меҳрим янада ошиб кетди.

 Аслида мен нима қилдим!? Касбимни севганим туфайли, ҳукуматимизнинг фахрийларга бўлган ғамхўрлигига тасаннолар айтиб, уларнинг шунга лойиқлигини ифодалаб бердим, халос. Эзгу сўзлар, эзгу амаллар инсонга қанчалик куч-қувват бағшида этишини кўриб, уларнинг ҳукуматимизга, Президентимизга миннатдорчилик билдиришларини, шукронасини эшитиб тингловчиларнинг ҳам қалби тўлқинланиб кетди. Бир пасда атрофимиздаги дам олувчилар ўз телефонлари орқали сувратга ола бошлашди. Ўшандай илҳомли  дақиқаларни тасвирларга муҳрлай олмаганимдан, фотоаппаратимни “зарядка”га қўйганимдан афсусланиб кетдим.

Аминманки, фахрийлар кўп нарсани унитган, бироқ ўзига оғир жангларда куч-кувват бағишлаган қўшиқларни унитишмагани мўъжиза эди. Сўз қудратини, оҳанг гўзаллигини яна бир бор шу ерда фахрийлар тимсолида ҳис этдим. 

Фахрийларни кузатиб қўйишга  машиналар тайёр турар, юклар ортилган эди. Фахрийлар нонуштадан чиқиб, автобусларга жойлашиб олиб, яна  дуога қўлини очиб эл-юртга тинчлик, ободлик, ҳар бир хонадонга қут-барака, ёшларга иқтидор, ҳар бирига инсоф-тавфиқ, юртбошимизга узоқ умр тилашди. Кўпнинг дуоси кўл деганларидек, менинг назаримда, самодан фаришталар ҳамон кузатиб тургандек эди. Кексаларни хурсанд қилиб кўнглини топа олган мамлакатимиз Президентидан биз ҳам  хурсанд бўлдик.

Уларни кузатиб қўйдим-да  муолажалар оладиган бўлинмага караб юрдим.  У ердан кейин нарзан сувидан  ичишга ҳовлига чиқсам иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг янги гуруҳи келганининг гувоҳи бўлдим. Фарзандлари хоналарни белгилаб олгунча биз улар билан суҳбатлашиб турдик. Боболар узоқ умр кўришнинг асосий омили ҳалол меҳнат деб билади ва доимо фарзандларига, кейинги авлодга шуни уқтириб келишаётганини гапириб беришди.

Юз билан юзлашаётган кишиларни кўрганимда, улар билан суҳбатлашганимда юртимиз  узоқ умр кўрувчилар яшайдиган юрт эканлигини ҳис қилдим. Ўзбекистон жаҳондаги мамлакатлар орасида энг бехавотир яшайдиган мамлакатлар қаторида қайд этилгани бежиз эмаслигига яна бир карра хаёлимдан ўтказдим.

Раъно Зарипова, Ўзбекистон  Республикасида хизмат кўрсатган журналист 

Ёйиш

МУЛОҲАЗА БИЛДИРИШ

Мулоҳаза киритилмади!
Исми шарифингизни киритинг.